"Форбс” журнали бу йил дунёдаги 1210 нафар миллиардерлар номини эълон қилди. Уларнинг умумий бойлиги 4,5 триллион АҚШ долларни ташкил қилар экан. Бу даромадларнинг ўтган йилгига нисбатан анча ўсганлигидан далолат бермоқда. Шундан 87,7 миллиард доллар 40 ёшга етмаган ёш миллиадерлар ҳиссасига тўғри келди. Дунёнинг ёш миллиардерлари орасида Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Бринлар етакчилик қилишди.
Ларри Пейж ва Сергей Брин (АҚШ)
Лоуренс (Ларри) Пейж 1973 йилнинг 26 март куни Мичиган штатида таваллуд топган. Мичиган университетининг компьютер муҳандислиги бўлимини тамомлаган. Стенфорд университети магистри. Сергей Брин 1973 йилнинг 21 август куни Москвада туғилган. 5 ёшлигида оиласи билан АҚШга кўчиб кетишган. Стенфорд университетида ўқиб юрган пайти Сергей Ларри Пейж билан танишди ва икковлон 1998 йилда интернет оламидаги энг машҳур хизмат турларидан — Google га асос солишди. Бугунги кунда ҳар бири 19,8 миллиард долларлик бойлик эгаси, Google компаниясининг бошқарувчилари ҳисобланишади. Шундай бўлса-да, Сергей ҳануз икки хонали квартирада ижарада туради, "Toyota” русмли эски автомобилида ишга бориб келади.
Марк Цукерберг (АҚШ)
Марк Цукерберг 1984 йилнинг 14 майида Нью-Йоркда ўртахол оилада таваллуд топган. Унинг онаси оддий тиш доктори, отаси эса, психиатр бўлиб, ўртамиёна кун кечиришарди. Туғилган кунига отаси унга янги компьютер совға қилгач, тез орада Марк компьютер оламидаги илк "ижод маҳсули”ни яратди.
У 2004 йилда дўстлари ёрдамида "Facebook”га асос солди. Дунёнинг энг ёш миллиардери номига сазовор бўлган Маркнинг бойлиги ҳозирда 17,5 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Марк ўтган йили "TIME” журнали томонидан "Йил одами” унвони билан тақдирланди.
Янг Хуиян (Хитой)
Гуанчжоу шаҳрида жойлашган "Country Garden Holdings” компаниясининг энг йирик акциядори Янг Хуиян 29 ёшда. 2007 йилда отаси ўз компаниясини унинг номига расмийлаштирилганидан сўнг унинг даромадлари анча оша бошлаган. Бугунги кунда унинг бойлиги 4,1 миллиард долларга тенг деб баҳоланган. Янг Огайо университетида маркетинг соҳасида махсус таълим олган.
Жон Арнольд (АҚШ)
37 ёшли Жон Арнольд табиий газ ва электр энергияси тижоратига ихтисослаштирилган "Centaurus Advisors” компаниясини бошқаради. 1995 йилда нефт билан шуғулланувчи "Enron” ширкатида ҳам фаолият юритади, аммо бу ширкатнинг инқирозга юз тутиши натижасида яна ўз компаниясига қайтади. Бугунги кундаги бойлиги 3,3 миллиард долларга тенг.
Ана-Люсия де Маттос Барретто Виллела (Бразилия)
Виллела узоқ йиллардан буён банк соҳасида фаолият юритиб келаётган
Бразилиянинг машҳур оилаларидандир. 2008 йилда оиласига тегишли "Banco Itau” банки "Unibanco” билан бирлашди. 37 ёшли Ана-Люсия ҳозирда дунёнинг энг йирик 15 та банкидан бири бўлган "Itau Unibanco Holding” банки акцияларининг катта қисмига эгалик қилади. Бойлиги 3,2 миллиард доллар.
Скотт Дункан (АҚШ)
АҚШнинг электр энергия билан шуғулланувчи "Enterprise Products” ширкатининг бошқарувчиси Скотт Дунканга ўтган йили отаси 12,4 миллиард долларлик қувурсозлик билан шуғулланадиган компаниянинг назоратини ҳам топширди. Шундан сўнг ёш ишбилармоннинг даромад манбаи янада кенгайди. Бугунги кунда унинг бойлиги 3,1 миллиард доллар.
Константин Жеваго (Украина)
Украиналик 37 ёшли миллиардер Константин темир рудалар ишлаб чиқарувчи "Ferrexpo" ширкатининг акцияларини бу йил ўтган йилгига нисбатан 2 баробарга кўпайтирди. Киев Давлат университетининг иқтисодиёт бўлимини тамомлаган Жеваго ҳозирда мамлакат парламентида депутат сифатида ҳам фаолият юритмоқда.