Аввал хабар бериб ўтганимиздек, шу йилнинг 1 июль куни Тошкент "Ўздунробита” МЧЖ хорижий корхонаси мулкининг ким ошди савдоси ўтказилади. Унда қатнашувчилар шу йилнинг 28 июнига қадар аризаларни топширишлари талаб этилади.
Куни кеча айрим ОАВларда ушбу савдоларда учта йирик харидор компанияларнинг иштирок этиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқатилган. Улардан бири сифатида Жанубий Кореянинг KT Corporation (Korea Telecom) компанияси тилга олинган. Айнан мазкур корпорациянинг "МТС-Ўзбекистон" мулкини харид қилишга иштиёқи ва харакатлари анча фаол экани қайд этилган.
Хўш, KT Corporation қандай компания ўзи?
KT Жанубий Кореяда симли ва симсиз телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи йирик корпорациядир. Алоқа ва ахборот технологиялари сохасида фаолият олиб борувчи мазкур компания кўп қиррали телефония бўйича етакчи ва мамлакатнинг иккинчи уяли оператори ҳисобланади. 2009 йилнинг 1 июн куни ўзининг мобил хизмат кўрсатувчи KTF шўъба корхонаси билан ўзаро бирлашган KT уяли алоқа бозорида ҳам етакчи бўлиш нияти борлигини кўрсатди, дейиш мумкин. Чет эл бозорига чиқиш учун ҳозирда мазкур бирлашган компания симсиз технологияни ривожлантириш бўйича катта изланишлар олиб бормоқда. Бунга WiMAX ва бошқа симсиз алоқа технологияларини мисол келтириш мумкин.