Март ойининг ўрталари, деразадан кўчага қарайман, ҳаммаёқда оппоқ қор, ҳамон қиш фасли давом этмоқда. Баҳордан эса ҳали дарак йўқ. Ҳа, ёдимдан кўтарилибди, бу ер шимол, баҳор Москвага кечикиб келади, майгача бир оз сабр қилиш керак дея ўзимни юпатаман. Бирдан хаёлим мени узоқ Ўзбекистонга олиб кетади, у ерда ҳозир қуёш ўз нурини аямай сочаётган, бинафша-ю, лолалар очилган, дарахтлар гуллаган, Навруз байрами нишонланиш арафасида бўлса керак деб хўрсиниб қўяман. Шу вакт эшик тақиллади, қарасам турмуш ўртоғим ишдан қайтибдилар, қўлларида эса иккита чипта, бу сенга совға дедилар. Севимли қўшиқчим Юлдуз Усмонова 18-март куни Москвада Наврўз байрамига бағишлаб концерт бераётган экан. Буни кўриб қувончим ичимга сиғмади. Ўша кун ва шу дақиқани сабрсизлик билан кута бошладим. Ниҳоят, мана концерт залидаман. Зал тўлган бўлишига қарамай, ташқарида чипта излаб юрган одамлар кам эмасди. Қўнғироқ чалиниб, парда кўтарилди. Саҳнага пуштиранг куйлакда Юлдуз чиқди ва ўзиниг ширали овозида «Яна баҳор, яна муҳаббат» қўшиғини куйлашни бошлади:
Яна баҳор, яна муҳаббат,
Яна умр алдар ғамларни
Кўз-кўз этиб сеҳрин табиат,
Эслатади ёшлик дамларни.
Шу лаҳзада баҳор залга Юлдуз билан бирга кириб келгандек бўлди, назаримда. Концертда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзининг энг сара қўшиқлари билан бир каторда янги тароналарини ҳам мухлисларига тақдим этди. «Умримиз ўтаяпти йўлларда», «Тик-так», «Ёлғиз аёл қўшиғи», «Алдади», «Ватан», рус тилида ижро этилган «Онажон» қўшиқлари томошабинлар томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди. Юлдуз Усмонова қай мавзуда, қайси тилда куйламасин, у қўшиқни юрагидан куйлайди, унинг ижросидаги қўшиқнинг ҳар бир оҳанги, ҳар бир сўзи инсон қалбининг нозик торларини чертиб ўтади ва юрагига етиб боради. Ватанни, баҳорни, Наврўзни соғиниб қолган ҳамшаҳарларимиз Она Ватан оҳанглари янграганида рақсга тушишдан ўзини ушлай олмади. Эътибор бериб қарасангиз, Юлдуз куйлаган ҳар бир қўшиқнинг ўз мухлиси, ўз тингловчиси бор. Унинг қўшиқлари инсон тақдиридан ҳикоя қилаётган кичик асарга ўхшайди. Балки, шу сабабдан каттаю-кичик, ёшу-қари Юлдузни бирдек севиб тинглар. Бежиз, Юлдуз Усмоновани халқ куйчиси деб аташмаган. Исми жисмига монанд бўлган Юлдуз ҳаётсевар, лирик қўшиқлари орқали инсонларга шодлик улашиш билан чекланмайди. У мухлислари дарди, ички кечинмалари ва армонларини қўшиқ қилиб куйлайди. «Онажон» қўшиғида одамларга ишончини йўқотиб қўйган фарзанд онасига нола қилса, «Ёлғиз аёл» қўшиғида оиласини ташлаб кетиб, ҳатто фарзанди тўйида ҳам хабар олмайдиган оталар ҳақида ҳикоя қилинади. «Тик-так» қўшиғида эса умримиз ўтиб бораяпти, вақт ғанимат, ўтган умримизга ачинмайлик дейилади. Концерт якунида Юлдуз ўзининг янги «Ватан» қўшиғини куйлади. Ватан соғинчини Ватандан узоқда яшаб, буни ҳис қилган билади, Ватан қадрига мусофир етади:
Гар йироқда бўлсам ҳамки дийдорига кўнглим шошар,
Ватан деркан менинг ўпкам азим дарё каби тошар.
Ёт юртларда дўппи кўрсам соғинчимга соғинч қўшар,
Ҳам ғурурим, ҳам сурурим, яхшиям борсанки – Ватан!
Ушбу сўзлар янграганида, ҳаяжондан ватандошларимиз кўзи ёшланди, қўшиқни томошабинлар хонанда билан биргаликда куйлашди. Мана концерт ниҳоясига етди. Мухлислар Юлдузни яна ва яна олқишлар билан саҳнага чақиришмоқда. Кимдир концертда маънавий ҳордиқ чиқарган бўлса, яна кимдир қўшиқлардан эртанги кунга ишонч ва куч олди. Шахсан мен эса ўтган икки ярим соат давомида хаёлан ўзимни она юртим Ўзбекистоним бағрида ҳис қилдим. Кечада «Учқудуқ» ансамбли «Салом-алейкум» ва «Сен» қўшиғини ижро этиб, ҳамюртларимизни Наврўз байрами билан табриклади.
Эл севган хонанда Юлдуз Усмонова санъат осмонида ўз исми каби доимо ёрқин юлдуздек порласин, мухлисларига янги қўшиқларни тақдим этишдан толмасин деб қоламиз.