WhatsApp мессенжери асосчиси Ян Коум (Jan Koum) «ВКонтакте» асосчиси Павел Дуровни ўзининг маҳсулотини кўчиришда айблаб чиқди. Коумнинг фикрлари cossa.ru сайтида эълон қилинган.
«Павел Дуров Facebook, WhatsApp каби маҳсулотларни кўчиришнигина билади холос, – деди Ян Коум. – Унда ҳеч оригинал ғоялар бўлмаган ва бўлмайди ҳам». WhatsApp кашфиётчисининг қайд этишича, ҳозирги кунда унинг мобил мессенжеридан 300 миллондан ортиқ киши фойдаланмоқда ва бу билан у ўз аналоглари орасидаги энг оммабоп илова дастур бўлиб турибди.
Коум ўз фикрларини Павел Дуров iOS учун Telegram мессенжери тақдимотини ўтказганидан сўнг билдирган. Эътиборли томони, Дуровнинг ўзи ҳам унинг илова-дастури WhatsApp’га ўхшаб кетишини тан олган. Бироқ, унинг қайд этишича, бир қатор ўхшашликлар бўлишига қарамай, Telegram’нинг бир қатор фарқли жиҳатлари бор. Хусусан, Дуров жўнатиладиган хабарларнинг шифрланиши уларнинг провайдер даражасида ушлаб қолиниши олдини олишини ва илова-дастур имкониятларини кенгайтириш мумкинлигини қайд этиб ўтган.
«ВКонтакте» эгасининг қайд этишича, Telegram охир-оқибат «ривожланган социал/геолокацион имкониятларга эга бўлган мессенжер»га айланиши керак. Илова-дастур «ВКонтакте»нинг техник директории Николай Дуров томонидан ишлаб чиқилган MTProto протоколида ишлайди. Июль ойида Павел Дуров Android операцион тизими учун MTProto базасида ишловчи мобил мессенжер ишлаб чиқиш учун танлов эълон қилган эди.
Аввалроқ, Дуровни бир неча бор «ВКонтакте» ижтимоий тармоғини яратишда Facebook ижтимоий тармоғи ғоялари ва дизайнидан ўғирлаганликда айблашган эди. Дуров эса Цукербергнинг маҳсулотини кўчирмаганини қайд этиб, Россия ҳаётини ҳисобга олувчи хизмат ташкил этганини таъкидлаганди.
WhatsApp 2009 йилда ишга туширилган. Мессенжер iOS, Android, Symbian ва бошқа оммабоп операцион тизим эгаларига ўзаро ёзишмаларни амалга ошириш имконини беради