09.08.2013, 20:16 // Жамият Украин милиционерларини ижтимоий тармоқлардаги «шармандали» фотосуратлар учун жазолашади
Украиналик милиция ходималари © gazeta.ua
Ижтимий тармоқларга номаъқул маълумотларни жойлаштирган Украинанинг Николаев вилояти милиционерларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилади. Бу ҳақда «Преступности.NET» хабар бермоқда. Аввалроқ, вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти «милиция ходимларининг иш ва ишдан ташқари вақтлардаги шармандали ҳулқи ҳолатларини аниқлаш мақсадида» ижтимоий тармоқларда мониторинг ўтказган эди. Текширув натижаларига кўра, вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, баъзи милиционерларнинг «ички ишлар органлари нуфузини таҳқирловчи ва фуқароларга ёрдам бериш мақсадида фаолият олиб бораётган кўплаб ҳуқуқ муҳофазачилари меҳнатини йўққа чиқарувчи» фотосуратлари аниқланган. Текширув натижалари милиция «обрўсига путур етказаётганлар»га нисбатан интизомий жазо чораларини кўриши учун шахсий таркиб бўйича инспекцияга жўнатилган. «Комментарии» интернет-нашри хабарига кўра, вилоят ИИБига яқинда раҳбар этиб тайинланган Юрий Седнев бундай текширувлар кейинчалик ҳам давом эттирилишини маълум қилган. Аввалроқ, Украина оммавий ахборот воситаларида милиция ходимларининг норасмий ҳолатда тушган суратлари ижтимоий тармоқлардан йиғилиб, чоп этилган эди. Июль ойида, жумладан, эркак ходимлар ва милиция ходималарининг суратлари тўпламлари пайдо бўлганди. Айнан қандай суратлар «обрўсизлантириш» сифатида баҳолангани тўғрисида маълумот берилмаган. Текширувлар ўтказилган Николаев вилояти милицияси сўнгги вақтларда диққат-эътибор марказида турибди. Бунга Врадиевка қишлоғида содир бўлган шов-шувла жиноят сабаб бўлган – унга кўра, бир неча нафар милиция ходими зўрлашда айбланиб, ҳибсга олинган.