"Суғдиёна” газетасининг жуда катта қизиқишларга сабаб бўлаётган "Профессионал интервью” лойиҳасининг бу галги бошловчиси журналист Гулноза Алимова.
Гулноза Алимова: —Яқинда бир ҳамкасбим қизғин суҳбат орасида, «сизнинг кумирингиз ким?» деб, сўраб қолди. Бамайлихотир «ҳеч ким», дея жавоб берганимда унинг кўзларида ҳайрат ифодасини кўрдим. Аслида бунинг ҳеч ҳайратланарли жойи йўқ. Ахир биз кимнидир шунчаки машҳур бўлгани учун эмас, шуҳрат қозонишига сабаб бўлган у ёки бу иши учун ёқтирамиз. Сиёсий арбобни мамлакат ривожланишига қўшган салмоқли ҳиссаси учун ҳурмат қилсак, хонандани чиройли ижро этган қўшиғи оҳангларига маст бўламиз, актёрнинг бирор ролни қойиллатиб ўйнаганига тан берамиз ва ҳ.к. Масалан, шахсан ўзим Том Хенксни Форест Гамп образидаги характер учун ёқтирсам, Аль Пачинонинг Тони Монтано ролини ўйнагандаги моҳир ижросига беш кетаман. Маҳаллий кино индустриясига келсак, анчадан буён диққатимни сўнгги 6-7 йилдан буён эл назарига тушиб қолган серқирра актёр, тажрибали санъат арбоби—Убайдулла Омон тортаётганини тан олмай иложим йўқ. Таассуфки унинг бирор-бир алоҳида роли эмас, яратаётган барча образлари таъсирли. Шу сабаб халқ уни ҳис-туйғуга берилувчан эмоционал, очиқкўнгил нуроний киши сифатида билади. Лекин ҳаётда ҳам шундаймикан? Балки Убайдулло Омон аслида экранда кўринадиганидек кўнгли бўш инсон эмасдир?
Актёр ҳақида шаклланган стереотип унинг ўз прототипига қанчалик мос ёки мос эмаслигини синаб кўриш мақсадида, она шаҳримда ўтаётган меҳнат таътилидан фойдаланиб Убайдулла Омон бош режиссёр сифатида 40 йилдан бери фаолият юритаётган Бухоро вилоят мусиқали комедия ва драма театрининг янги қурилган биносига отландим. Лекин респондентим билан учрашиш бахтига орадан 3 кун ўтгачгина муяссар бўлдим.
—Янги бинолар муборак бўлсин!
—Қуллуқ! Хуш келибсиз! Сал кечикдингизда, бўлмаса икки ёшни никоҳдан ўтказмоқчи бўлганимнинг гувоҳи бўлардингиз!
—Ие, ҳали шунақа ҳунарингиз ҳам борми?
—Йўқ эди, лекин бир баҳя қолди (кулиб). Раъно опангиз (асистент) сизларни ташқарида кутиб турган экан. Боя бир йигит билан қиз келганига, «мухбир қизимиз фототограф билан келаяпти», деб тўғри менинг қабулхонамга бошлаб кирди. Салом-аликни қуюқ қилиб, «хўш энди мақсадга кўчсак», десам. Ҳалиги йигит, «никоҳдан ўтмоқчи эдик, сиз энди ФХДЁда ишлаяпсизми», деб қолса денг (мириқиб кулади)! Гап нимадалигини тушуниб (ФХДЁ идораси театрнинг орқа томонидаги бино), «чиройли жуфтлик экансизлар, жон деб никоҳдан ўтказардиму, бугун муҳрим ёнимда йўқ», деб қутула қолдим.
—Ҳа, сизнинг актерлик маҳоратингиз билан уларнинг бу гапга чиппа-чин ишонганига шубҳаланмаса ҳам бўлади. Лекин билишимча асли соҳангиз режиссёр шекилли?
—Худди шундай! Тошкент ва Санкт Петербургда театр режиссураси бўйича таҳсил олганман. Кейинчалик БДКИ (Бутуниттифоқ давлат киномотография институти)да ҳам бир йил малака оширдим. Ўқишни тамомлаганим ҳамоно ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбекистон давлат драма театрига ишга кирдим. Бошқа касбда қандай билмадиму, лекин режиссерлик жуда бошқача соҳа. Дабдурустдан бир неча кишига бош бўлиб қоласан. Уларнинг ичида тажрибали, малакали актёрлар ҳам талайгина. Лекин 22 ёшли тажрибасиз йигитча бўлсангда, режиссёрнинг гапи-гап ҳисобланаркан.
—Унда сизда ҳам кўпчилик Тошкентда ўқиганлар сингари пойтахтда қолиш имкони бўлган эканда? Санъат одамининг кўзга кўриниши учун шу қулай вариант эмасмиди?
—У ерда деярли беш йил ишладим. Кейин баъзи оилавий сабабларга кўра Бухорога қайтишимга тўғри келди. Шундай бўлиши керак экан… Лекин бундан ҳеч афсусланмайман. Чунки, ўзимизнинг театрда ишлаб ҳақиқий ижодкор қанақа бўлиши кераклигини кўрдим. Бу ерда шунақанги талантли актёру-актриссалар бор эдики, уларнинг олдида пойтахтдаги манаман деган хизмат кўрсатган ва ҳатто халқ артистлари ип эшолмай қолиши тайин. Афсус, уларнинг кўпчилигини дунё кўришга улгуролмай қолди…
—Бу билан улар ўз театри қобиғига ўралиб қолишганди, демоқчимисиз?
—Асло! Улар ўз ишини яхши кўриб, астойдил бажарарди. Севган иши билан шуғулланаётган одамга эса, у билан айнан қаерда машғул бўлишнинг, бунинг учун қанча мояна олишнинг умуман аҳамияти йўқ. Лекин агар имконият берилганида, уларда бундан ҳам зиёдига қодир бир куч ҳам бор эдики, бу кучнинг ушбу театр деворларини ёриб чиқиши учун бир туртки етишмасди холос. Улар шу турткини бутун умр кутишди…
—У қай кўринишда бўлиши керак эди?
—Масалан хорижлик ёки ҳеч бўлмаганда пойтахтлик, режиссёрларнинг бирор-бир бош рольга таклифи кўринишида. Бироқ ундан ҳадеганда дарак бўлавермасди…
—Сиз бу юқоридаги ҳолатнинг ягона истисносисиз тўғрими?
—Балки…
—Айтингчи, ўзимизда ҳар йил деярли юзлаб фильмлар суратга туширилаётган айни бир пайтда, сизни бегона юрт режиссёрлари кашф этишгани ғалати эмасмикан?
—Демак вақти-соати ўшанда экан! Актёрнинг шахсан ўзига кўп нарса боғлиқ эмас. У таклифни, омадли таклифни кутиб яшайди… Бундай таклиф бўлиши ҳам мумкин, бўлмаслиги ҳам. Баъзан бахтли тасодифлар ҳаётимизда туб бурилиш ясаши ҳеч кимга сир эмас.
—«Родина ждёт» фильми кастингидан ўтганингиз сиз учун бахтли тасодифмиди?
— Албатта! Лекин уни кастинг дейиш ҳам бироз ўнғайсизроқ…
—Нега?
—Воқеа бундай бўлганди. Фильм суратга олиш учун Бухорои Шарифга бир гуруҳ москвалик ижодкорлар ташриф буюриши ҳақида биз бир ҳафтача олдин огоҳлантирилдик. Бош режиссёр сифатида менинг зиммамда улар ўтказадиган кастинга актёрлар топиб бериш вазифаси юклатилганди. Уларнинг келиши айни таътил бошланган пайтга тўғри келиб қолди. Кастинг режиссёри бутун труппани бошлаб келмаганимни кўриб, «сизларга айтилган эди. Қаердан бўлсаям одамларингни топ», деб зарда қилди. Яқин атрофда яшайдиган 9-10 кишини бошлаб келдим, ўзи ҳамма таътилда, мен уларни қаердан топаман ҳозир, деганимга пинагиниям бузмади. Хуллас биз уришиб қолдик. Йиғилганларнинг барини бир-бир кастингдан ўтказиб бўлгач, кетишидан олдин менга қарата: —энди келинг сиздан ҳам «проба» олай, деди. У гапини тугатмасидан, таклифини рад этдим. «Илтимос энди, сиздан нима кетибди», деб шаҳдимдан қайтаришга тушди. «Шахсан сиз олаётганингиз учун ҳеч қанақа пробага ҳам тушиб бермайман, монолог ҳам ўқимайман! Йўқ, вассалом!», дедим. Яна узо-о-о-қ тортишдик. Охири, расмларимнигина бериб юбораман, «хоҳласанг шу, бўлмаса шуям йўқ», деб туриб олдим.
Видеоматериал Москвага олиб борилгач менинг кастингдан ўтганим ҳақида хабар келди. Ҳайрон бўлдим. Кейинчалик маълум бўлишича, режиссёр билан тортишаётганимда оператор билдирмай тасвирга олиган экан. Фильм продюссери, бошқа актёр ўйнаши керак бўлган рольга (у «съёмка» муддатининг узоқ бўлишини билиб, фильмда суратга тушишдан воз кечганди) энг муносиб номзод сифатида мени танлаган. Шу-шу, кино оламига қайтдим.
—«Қайтдим»? Олдин ҳам кинода ўйнаганмисиз?
—Биринчи марта 1970 йилда Одил Ёқубов асари асосида суратга олинган «Ёз ёмғири» фильмининг «съёмка»ларида қатнашганман. Унда ҳали Аброр Ҳидоятов театрида ишлардим. Бухорога келганимдан кейин кино мени роппа-роса 33 йилга унутди… «Родина ждёт» фильмидаги ролим кинога қайтишим бўлди. Фильмни кўрган ўзбек кинорежиссёрлари мени Москвадан суриштиришган. У ердан координаталаримни олишгач, бирма-бир ўзимизда суратга олинаётган фильмларда ўйнашга таклифлар туша бошлашди.
—Энг яхши кўриб ўйнаган ролингиз қайси?
—Мен ҳамма ролларимни яхши кўраман. Сценарийни ўқиб кўрганим ҳамоно ё шу рольни ўйнайман, ёки йўқ деган қатъий қарорга келаман. Ва тасвирга олиш жараёнида образни қиртишлаб, керак бўлса импровизация қилиб ўйнаб бераман. Ўртамиёна ишни ёқтирмайман. Бир ишга қўл урдимми, натижаси уялтириб қўймаслиги шарт.
—Хўп, келинг саволни бошқачароқ қўямиз: ўйнаган ролларингизнинг қайси бири сизнинг характерингизга яқин?
—(Ўйланиб) «Сўғдиёна»даги психолог. Ўша менман, айни ўзим. У фильмда роль ўйнаганим йўқ, ўз ҳаётимдан тўғри-дан тўғри репортаж бердим.
—Фақат кассабоп, тижорий фильмларда суратга тушасиз. Жиддий кинода роль ўйнаш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз ҳеч? Ё таклиф тушмаганми?
- .....
Актёр нега қўл телефонидан фойдаланмайди, нимага у айнан телефондан қўрқади, қайси Россия фильмларида суратга тушган, шу ва шу каби саволларга жавобни суҳбатнинг давомида ўқишингиз мумкин.
(давоми бор)
(Материал Ўзбекистон Республикаси "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар" қонуни билан ҳимояланган. Уни кўчириб олиб, матбуотда ёки бирорта сайтда берухсат чоп қилиш қатъиян тақиқланади)