Райҳон билан боғлиқ нохуш хабарларнинг тарқалгани кўнгилни бироз хира қилди. Унинг яккахон концертлари бекор қилингани ҳақидаги хабар бутун юртимиз бўйлаб гув этиб тарқалди. Бу хабар ҳатто хориждаги мухлисларини ҳам довдиратиб қўйди. Хонанданинг фан- клуби аъзолари концерт ўтказилишини талаб қилиб, ҳатто мутасадди ташкилотлар раҳбарлари олдига бормоқчи бўлганликларини расман эълон қилишди. Бу орада на Райҳондан, на унинг админстраторидан аниқ жавоб олинди: лом-мим дейилмади! Супернохушлик кайфиятни тушириб юрганди. Ҳозиргина тарқалган хабарга кўра, 14 феврал албатта Райҳон билан ўтади! Бироқ, бу маълумот расман тасдиқланганича йўқ. Чунки, ҳамма ҳақиқат Райҳонда. Унга савол билан мурожаат қилганимизда, фақат сукунатни қабул қиляпмиз. Админстратор эса гапни олиб қочгани-қочган. Гап концертга тақалганда эса, шошиб турганини, кейинроқ қўнғироқлашишини айтиб, гўшакни қўйишдан нарига ўтмайди. Ҳар гапнинг тагида бир ҳақиқати бўлмаса, болалаб кетмайди. Бир неча кунлар олдин ҳақиқатан нималардир сабаб концерт қолдирилиши ҳақида гап чиққанди, энди яна нималардир сабаб концерт албатта бўлиши ҳақидаги шов-шув! Бироқ, 2012 йил февралида концерт бўлиши ҳақидаги гаплар рост бўлса, реклама нега ҳанузгача йўқ? Бекор қилинган бўлса, нега яна хушхабар қулоққа чалиниб, умид учқунини оловлатиб юборди? Мухлислар икки ўртада қолди...Муҳими, суперхушхабар ҳақиқатга айлансин! Мухлислар дуоси ижобат бўлса, не ажаб? Анъанага айланган концертлар билан мухлислар қалбига байрам шодлигини улашса, Райҳонгина! Кузатишда давом этамиз.