Мен сизни соғиниб ёмғирдек ёғдим,
Томчи овозидан уйғонмадингиз.
Тошбағир экансиз ёки бемеҳр,
Наҳотки сиз мени соғинмадингиз?
Юрагим эзади, ўтли бир соғинч,
Дийдорни қўмсайди кўзнинг жоласи.
Сизни лаб бурдирган ўшал шеърларим
Бир Мажнун йигитнинг ҳижрон ноласи...
Мана мен, мен ўша, сизнинг телбангиз,
Сояман, сездирмай изғиб юргувчи.
Сизга етмасимни билиб турсам-да,
Сизни жонимдан ҳам ортиқ кўргувчи...
Шунчалар золимсиз, зулмингизда кўп,
Кўнглимни оғритиб, оғринмадингиз.
Оҳ, соғинч, кўксимга қадалган бир ўқ...
Наҳотки сиз мени соғинмадингиз?!
Ҳусанбой Ғиёсов
|