Испания чемпионатининг 35-туридан ўрин
олган "Барселона" ва "Реал" клублари ўртасидаги "эл класико" учрашуви
ниҳоясига етди. Унда "Қироллик клуби" ғалабани қўлга киритди.
Ҳар
икки жамоа бугунги беллашувга жанговар таркибини жалб эти. Зеро, Ла
лиганинг олтин медаллари тақдири айнан мана шу беллашув кўп жиҳатдан
боғлиқ эди. Учрашув ҳам ана шунга монанд қизиқарли ва муросасиз
курашларга бой бўлди.
Учрашувнинг илк дақиқалидан олдинга
ташланган "Қироллик клуби" мезбонлар дарвозаси олдида бир қатор
вазиятларни юзага келтира бошладилар. "Барса" дарвозаси олидида
кетма-кет бир неча бор бурчак зарбаси амалга оширилди. Дастлаб,
Роналдунинг бош билан берган зарбасини Вальдес қийинчилик билан бартараф
этган бўлса-да, ундан кейинги вазият гол билан якун топди. Ўзил
томонидан бажарилган бурчак тўпига Пепе боши билан зарба йўллади. Бу
зарбани Вальдес қайтарди, бироқ шу лаҳзада Сами Хедира пайдо бўлди ва
дарвозабонинг шундоққина қўллари остида турган тўпни дарвозага йўллаб,
ҳисобни очди.
Бу ҳисоб "Реал"ни қанчалик қониқтирса, "Барса"
учун шунчалик кераксиз эди. Улар вазиятни ўнглаш учун олдинга
ташландилар, бироқ Мадрид ҳимоясини ёриб ўтиш осон бўлмади. Фақатгина
70-дақиқага келиб, жарима майдонида юзага келган пала-партишликлардан
сўнг Алексис Санчес ҳисобни тенглаштирди. Бироқ орадан кўп вақт ўтмади.
"Реал" - Ўзилнинг бетакрор "пас"и ва Роналдунинг маҳорати эвазига яна
олдинга ўтиб олди. Криштиану бирга-бир вазиятни голга айлантирди.
Учрашувнинг
қолган дақиқалари эса тенг курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоада бир
қатор имкониятлар бўлди, бироқ ҳисоб бошқа ўзгармади. Шу тариқа, "Реал"
чемпионлик сари жуда муҳим ва катта қадам ташлади. "Барселона" эса энди
Гвардиола таъбири билан айтганда, янги мавсумга тайёргарлик кўришни
бошлайверади, чоғи...
Барселона – Реал Мадрид 1:2 Голлар:
0:1 - Хедира (17), 1:1 - Санчес (70), 1:2 - Роналду (73). Барселона:
Вальдес, Дани Алвес, Маскерано, Пуйоль, Адриано (Педро, 74), Хави
(Санчес, 69), Бускетс, Алькантара, Тельо (Фабрегас, 81), Месси, Иньеста.
Реал Мадрид: Касильяс, Арбелоа, Пепе, Рамос, Коэнтрау, Алонсо,
Хедира, Озил (Кальехон, 89), Ди Мария (Гранеро, 74), Роналду, Бензема. Огоҳлантиришлар:
Бускетс (15), Пепе (43), Алонсо (47), Озил (77), Гранеро (78),
Маскерано (86).
|