Ўзбекистон Ички ишлар
вазирининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва
Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома
тасдиқланди. Буйруқ 2012 йилнинг 14 майидан кучга кирди.
Мазкур Йўриқнома ўтган йили 14 сентябрда кучга кирган "Тошкент шаҳри ва Тошкент
вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон
Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон
Республикаси Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдагиқарори асосида ишлаб чиқилди.
Йўриқномада фуқароларнинг рўйхатдакўрсатилган
ҳар бир тоифаси учун доимий пропискага киришда зарур бўладиган ҳужжатлар
рўйхати келтирилган. Йўриқномага иловаларда эса, ариза, зарур маълумотномалар
ва бошқа ҳужжатларнинг намуналари берилган.
Олдин
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар
томонидан берилган рухсатномалар асосида 2012 йил 15 мартга қадар уй-жой олган,
бироқ турли сабабларга кўра прописка қилинмаган фуқаролар рўйхатнинг 1-бандига
асосан доимий прописка қилинади.
Қонун кучга киргунга қадар, яъни 2011 йилнинг 15 сентябригача олди-сотди, ҳадя,
айирбошлаш шартномалари асосида, қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос ва
хусусийлаштириш асосида, суд қарорига кўра, шунингдек мазкур Йўриқномага
мувофиқ уй-жой олган фуқаролар рўйхатнинг 1-бандига асосан прописка қилинади.
Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида олди-сотди битимларини, айирбошлаш, рента,
умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва
давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи
томон: Тошкент шаҳрида ёки вилоятида доимий пропискага эга бўлса; Тошкент шаҳри
ёки вилояти ҳудудида камида доимий уч йил яшаб турган (лавозимда бўлган),
рўйхатнинг 2, 5, 9 ва 11 бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ёки вилоятида доимий
прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ички ишлар органларининг (ИИО)
доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.
Барча
зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин ТШИИБ ХЧК ва ФРБ томонидан уч иш куни
мобайнида тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ҳақиқийлиги текширилади
ҳамда фуқаро рўйхатда назарда тутилган шахслар тоифасига мувофиқ бўлган
тақдирда унинг паспортига штамп қўйиш ва гербли муҳр билан тасдиқлаш орқали
доимий прописка расмийлаштирилади.
Тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган маълумотлар
аниқланган тақдирда, шунингдек Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга
бўлиш учун асос бўлган ҳужжатлар қалбакилаштирилган тақдирда доимий прописка
ИИО томонидан бекор қилинади, кейинчалик материаллар тергов органларига
юборилади.
ТШИИБ ХЧК ва ФРБ раҳбари ёки унинг ўринбосари ўз резолюциясида ариза берувчини
рўйхатнинг қайси бандига асосан доимий пропискага қўйиш зарурлигини ёки рад
жавоби бериш сабабини кўрсатади.
Бир вақтнинг ўзида прописка штампи
санаси кўрсатилган ҳолда уй дафтарига ёки хонадон карточкасига ҳамда фуқаронинг
аризасига қўйилади ва пропискани расмийлаштирган ходим томонидан имзоланади.
Доимий пропискаси бўлган фуқароларнинг паспортига, шунингдек рўйхатнинг 1, 4,
6, 7 ва 8-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка
қилинган фуқаролар паспортига мазкур йўриқноманинг 8-иловасига мувофиқ штамп
қўйилади:
Рўйхатнинг 2, 3, 5, 9
ва 12-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилинган
фуқаролар учун уларнинг паспортларига ва бошқа ҳужжатларига мазкур
йўриқноманинг 9-иловасига асосан штамп қўйилади:
Тошкент шаҳрида ёки
вилоятида доимий истиқомат қилган ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа
минтақаларига ёки хорижга чиқиб кетган фуқаролар, турли сабабларга кўра кетган
жойлари бўйича прописка қилинмаган ҳамда бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси
ИИВ томонидан белгиланган шаклдаги жўнаб кетиш варағи билан қайтиб келган
тақдирда, Тошкент шаҳрида ёки вилоятида умумий асосларда доимий прописка
қилинади.
Шунингдек йўриқномага кўра, турар жой бўлмаган биноларга фуқароларни доимий
прописка қилишни расмийлаштириш тақиқланади.
Тошкент шаҳри ёки вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг яшаши
учун турар жой майдони тақдим этадиган уй-жой мулкдорлари турар жой майдони
берилган кундан бошлаб 5 кун мобайнида ушбу шахслар тўғрисида ИИОни хабардор
қилиши шарт.
Янги йўриқнома бўйича доимий пропискани расмийлаштириш ишлари тез орада
бошланиши керак
|