—
Отабек,
анчадан бери бир нарсани сўрайман, деб юргандим. Мана, фурсат ҳам топилди. Эшитишимча, мен яккахон концертингиз
учун тикиб берган
костюм-шимни
германиялик
бир кишига катта пулга сотиб юборган эмишсиз?
—
Тавба, бу
гапни қаердан олдингиз? Сиз тикиб
берган костюм-шим германиялик
меҳмонга ёқиб қолгани бор гап. Лекин, уни сотганим йўқ, аксинча
Ўзбекистонни ва мени эслатиб турсин, деган ниятда совға қилиб юбордим.
Катта пулга сотиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман.
— Ҳа, яхши. Мен бўлсам мўмайгина даромаддан қуруқ
қолибманми, деб ўйлабман. Сўнгги пайтларда турлича услубларда
кийиняпсиз. Ўзингизга хос йўналишни топа олмаяпсизми?
—
Нега энди?
Шунчаки бир хилликдан қочишга ҳаракат қиляпман, холос. Кун ўтгани сайин
урф ҳам ўзгараверади. Табиийки, бугун кийган либосимиз эртага умуман
тўғри келмаслиги мумкин. Шу сабабли замон билан ҳамнафас бўлишни хуш
кўраман. Умуман олганда, санъаткор борадиган жойига, кирадиган даврасига
қараб либос танлай билиши лозим.
—
Аввалги Отабек билан бугунгисини фарқлаш анча қийин бўлиб қолибди-ку!
—
Тўғри,
баъзан кийиниш борасида ҳатога йўл қўяман. Очиғини айтсам, кўпроқ
кайфиятимга қараб кийинаман. Шунинг учун бирор жойга бориш ёки кўчага
чиқишдан аввал кайфиятим йўқ бўлса-да ойнага қараб, "Мен ҳаммадан
зўрман” деб ўзимга бироз бўлса-да қувноқлик баҳш этишга ҳаракат қиламан.
Чунки одамлар йиллар давомида меҳнат қилиб, яхши ният билан тўй
беришади. Ўзимнинг кайфиятим йўқлиги боис уларнинг тўйдаги шодликларини
бузишим инсофсизликдир!.
— Санъаткор
жиддий бўлиши керак, деган тушунча ҳақида фикрингиз қандай?
—
Санъаткор
жиддий бўлиши керак. Аммо жиддий бўлиш керак экан деб фақат костюм-шимда
чиқиб, қўшиқ куйламайман-ку? Фақат костюм-шимда юришни унчалик
ёқтирмайман. Одатда санъаткор саҳнага чиқаётганида, либоси одамларни
ўзига қаратишини истайди.
— (гапини бўлиб) Бундай
ўйламайдиганлар ҳам бор...
—
Билмадим, шахсан мен
шундай фикрдаман. Масалан, "Севар ёрим” номли
қўшиғимизнинг клипидаги пальто гардеробимдаги энг қиммат кийим
ҳисобланади. Уни айнан шу клип учун 11 миллион сўмга ҳарид қилганман.
Ва, албатта, у кутилгандан кўра кўпроқ натижа берди. Укам бозорга
тушганида ёш йигитларнинг, "Отабек Муталхўжаевнинг клипидаги пальтодан
борми?” деб сўраб юришганини кўрибди. Мана, биргина либоснинг кучини
кўрдингизми?
— Шу клипни яхши эслатдингиз. Назаримда, бу клип
биринчи ўринда ўша пальтонинг рекламаси бўлган, холос. Сиз ва клипдаги
воқеалар охирги ўринга тушиб қолган.
—
Бу фикрни
фақат сиздан эшитяпман!
— Очиғини айтсам, "Отабек
Муталхўжаевнинг бурни кўтарилиб, одамларни менсимай кетган”, деган
гаплар ҳам йўқ эмас.
—
(берпарволик билан)
Бу гапни биринчи марта эшитмаяпман. Одамлар мен билан гаплашмасдан
турибоқ кўринишимга эътибор беришади ва "Ўзини одамлардан узоқда
тутаркан” деб гапиришади. Ҳатто, шундай деб ўйлайдиганларнинг баъзилари
билан гаплашганимдан кейин, "Самимий экансиз, мен умуман нотўғри
ўйлабман” деганлари ҳам бўлган. Мен бобом ва бувимнинг тарбиясини
олганман. Улар доим "Ўзингдан катталарга ҳурматда бўлгин, биринчи марта
кўраётган одамингга ҳам қўлингни кўксингга қўйиб салом бергин” деб
уқтиришарди. Булар менинг қон-қонимга сингиб кетган.
— Шунча фильмларда рол ижро этдингиз-ку, лекин
томошабинлар, шу жумладан, ўзим ҳам сизни актёр сифатида қабул қила
олмадим...
—
Нимаям дердим, дид борасида бахслашилмайди.
Очиғи, ўзим кинога жуда қизиқаман, шу сабабли НТТ телеканалидаги "25
кадр” кўрсатувини олиб боришга жон-жаҳдим билан киришдим. Тўғри,
аввалига томошабинлар мени ҳатто бошловчи сифатида ҳам қабул қилишмади,
бироқ продюсерим Феруза Нодированинг кўмаги билан бугун яхши бошловчилар
сафига кирдим. "25 кадр” эса айни кунда кино оламида юз бераётган
янгиликларни ёритаётган энг оммабоп кўрсатувлардан бири.
— Нилуфар Усмонова билан айтган дуэтингиздан кейин қайтиб
дуэтга қўл урмадингиз. Ёки яна танқидлар бўлишидан қўрқяпсизми?
—
Биринчидан,
қўшиқ эмас, клип танқидга учраган. Иккинчидан, бу дуэт танқидга учраган
бўлса-да, мен репертуаримда шундай қўшиқ борлигидан ачинмайман. Бугун
бир қаранг, бундан-да баттар видео кетма-кетликлар айланиб ётибди. Нега
одамлар буни пайқамаяпти? Ваҳоланки, бизнинг клипимизда ҳеч қандай ножўя
ҳаракат бўлмаган.
— "Роббим” номли қўшиғингиз жуда
яхши чиқибди. Клип ҳам чакки эмас. Бироқ дизайнер сифатида клипдаги
қахрамон қиз кийган либосларини ёқламайман. Ҳеч замонда ўзбек йигити
ўзига калта, елкаси очиқ қўйлак кийган
қизни тилайдими?
—
Қўшиқ сўзларига яхшилаб аҳамият беринг. Мен у
ерда "Оқила, доно бўлсин” деганман. Демак, гап кийиниши
ҳақида кетмаяпти. Шуни алоҳида айтиб ўтишни хохлардимки, бу клипимда
ҳеч қандай бехаёлик йўқ. Шунчаки йигит орзусидаги оқила, энг муҳими,
замонавий қиз образи тасвирланган.
— Уйингизни
яқинда таъмирладингиз, чоғи?
—
Ҳа, усталарнинг иши
тугаганига кўп бўлгани йўқ. Тўғриси, уй таъмирлатиш ҳам азоб экан. Кўп
қаватли уйимдаги ишлар тугади-ю, энди усталар ҳовлида ишларини давом
эттиришяпти. Оилада катта ўғил бўлганим учун рўзғор ишлари менинг
бўйнимда, шу сабабли бироз толиқиб қоляпман.
— Таъмирлаш ишлари аъло даражада олиб борилган. Айниқса,
ижодхонангиз билан ошхона жуда яхши чиқибди. Ошхонадаги шкафлар ранги
музлатгич билан мосланган, шекилли?
—
Жуда
синчковсиз-да! Буни усталар билан маслаҳатлашган ҳолда ўзим танладим.
Ижодхонамга келсак, у менинг севимли масканим. Эътибор берган бўлсангиз,
ҳовлидаги ҳамма китобларимни, ҳатто компьютеримни ҳам шу ерга олиб
келганман.
— Отабек, келгуси режалар қандай? Уйингизни
таъмирлатганингиза қараганда, уйланиш тараддудидасиз, шекилли?
—
Очиғини
айтсам, ҳаётимни аввалдан режалаштиришни ёмон кўраман. Уйланишга келсак,
менимча, ҳали яна бироз вақт бор. Мен ҳали ўзим ўйлаган даражада оёққа
туриб олганим йўқ. Ҳар нарса вақти-соати билан бўлгани яхши.
— Ўзингизни санъатга керакли одам деб ўйлайсизми?
—
Албатта.
Йўқса, 7 йилдан буён санъатда нима қилиб юрибман? санъатга
шунчалик меҳрим тушганидан, ҳатто ўзимнинг асл касбимдан кечиб
юборганман. Ортимда эса менга ишонаётган одамлар борлиги қувонтиради. Умуман олганда, пешонамизга ёзилганидан ортиғи
бўлмайди. Насибамиз қўшилган бўлса, санъатдан охирги нафасгача фақат
ҳалол меҳнатим билан нон топаман. Келажакда яхши мукофотлар олишни
истайман. Ахир ҳар бир санъаткор меҳнати муносиб тақдирланишини истайди.
Бу йил эса насиб қилса, "M&TVA” мукофотини қўлга киритишни ният
қилганман. Юқорида айтганимдек, ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳаётнинг ўзи
сарагини-саракка, пучагини-пучакка ажратиб қўяди. Ана ўшанда ким керак,
ким кераксиз эканини билиб оламиз.
ФАКТ:
Ижод бошлаганига 7 йил бўлди.
60
га яқин
қўшиқлари бор.
30
дан зиёд клиплари чиққан.
3
та мусиқий
альбомини мухлислар эътиборига ҳавола этган.
2007
йилда
"Ниҳол” давлат мукофотини қўлга киритган.
2011
йилда "Ўзбекистон
белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ижод
бошлаганида суратга олдирган "Ойдан-да гўзал” клипида кийиб чиққан
курткасини ҳали-ҳануз сақлаб қўйган. Бу куртка ҳарид қилинганига 8 йил
бўлди.
Қамариддин ШАЙХОВ тайёрлади.
|