"Ёшим 16 да, ўзим тенги мактабдошимга кўнгил қўйганман. У ҳам мени
яхши кўради. Буни билиб қолган ота-онам мени бошқа мактабга мажбурлаб
ўтказишмоқчи. Бошқа мактабга борганим билан ўзгариб қолармидим? Кўнгилга
буйруқ бериб бўлмайди-ку ахир. Баъзи синфдош
дугоналаримнинг ўз йигити бор. Мени йигитимдан, дугоналаримдан
айиришаётгани, биринчи синфдан ўқиб келаётган мактабимни
ўзгартираётганлари тўғрими?”
Қўнғироқ қилган ёш мухлисимиз муаммосини билдиришдан аввал одоб билан
салом берди, мулойимлик билан узр сўради. Севги-муҳаббат ҳақидаги
замонавий фильмларни, клипларни томоша қилиб улғаяётган бундай ёшларни
айблашимиз нотўғри. Уларга биз катталар ётиғи билан, кўнгилларини
синдирмаган холда керакли насиҳатларни бериш орқалигина тўғри йўлни
кўрсатишимиз мумкин.
ҲАЁТНИНГ ЎЗ ҚОНУНЛАРИ БОР
Забаржад Аҳмедова, шифокор-косметолог:
– Авваламбор ҳар бир қиз бола ўзининг иффатини йўқотмаслиги керак.
Демак ота-онаси уни бошқа мактабга олаётган бўлса у ўзига нисбатан
ишончни йўқотган. Майли? қиз йигитни севишда давом этсин, кўнглига қараб
яшасин, лекин бахтли бир оиланинг соҳиби бўлгиси келса, ҳалитдан ёш
бўла туриб ўзини оёқости қилиши яхшимас. Муҳаббат вақти билан тобланади,
ҳақиқийми, ҳақиқий эмасми, ўзини намоён қилади. Ота-онаси олдида
ишончини йўқотган қизни ўзбошимчалик қиляпти, деб ўйлайман. Мафтункор,
гўзал, ақлли, доно бўлмоқчи бўлган қиз бола бу ташвишларни ўзига нолойиқ
деб ҳисоблайди. Қадимгиларда бир нақл бор: "Ақлли аёл билан доно
аёлнинг фарқи нимада?” Доно аёл ақлли аёл қилган хатоларни қилмайди.
Шунинг учун у доно ҳисобланади. Синглимиз бошқаларга нисбатан фикрини
жамлаб, бир ерга қўйиб, "Қайси жойда хато қилган эканман?” деб ўзига
савол бериши керак. Ўйлайманки, қиз ҳақиқатдан ҳам хато қиляпти.
Муҳаббат бу муҳаббатдир, лекин ҳаётнинг ўз қонунлари бор. Ҳаёт
қонунларига қарши борган одам албатта тушкунликка учрайди.
– Гўзал бўлиш истагида жуда кўп аёллар ёнингизга келишади. Ёшлигида шундай ҳолга тушганларни учратганмисиз?
– Биласизми, ҳаётда жуда кўп аёлларни кўрганман, муҳаббати туфайли ўз
юртини ташлаб, ота-онасини норози қилиб севган йигити билан турмуш
қуришган, фарзанд кўришган. Лекин охир-оқибатда бир-бири билан
яшасалар-да, лекин бахтли бўлганларини кўрмаганман. Одатда куёвнинг
ота-онаси қизникига совчи бўлиб боради, кўриб, илтимос қилишади, келинга
қалин пуллари бериб олишади. Бу урф-одат ўз-ўзидан келиб чиқмаган. Бу
қизнинг обрўси, эътибори, қўпол қилиб айтганда унинг нархини белгилаб
беради. Агар қиз арзон-гаровга, нархсиз кетган бўлса, кейинчалик у
оёқости бўлади. Ва қиз тарафдан ҳам ота-онасининг оқ фотиҳасини олиб,
дуосини олиб, оқ кўйлакни кийиб бахтиёр бўлиши учун нафақат йигитнинг
муҳаббатини, балки унинг ота-онасининг фарзандига бўлган муҳаббатини ҳам
инобатга олиши керак деб ўйлайман. Лайли-Мажнун бўлиб юришларни мен
ёқтирмайман, бундайларни ҳечам тушунолмайман.
Ота-онасининг оқ фотиҳасини, яқинларининг розилигини олмаган йигит ҳам, қиз бола ҳам ҳеч қачон бахтли бўлмайди.
ОТА-ОНА ФАРЗАНДИГА СИРДОШ БЎЛСИН
Лаълихон Каримова, "Бахтли болажон” журналининг нашр учун масъули:
– Балоғат ёшида баъзи ёшларнинг бир-бирига кўнгил қўйиши бу табиий ҳол.
Болаликдаги муҳаббат ўткинчи. Вақти билан барҳам топадиган туйғу. Лекин
вақт ўтгани сайин унутиладиган туйғу баъзиларда борган сари янада
мустаҳкамланиб бораверади. Шунинг учун ота-оналар бундай вазиятда
эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари лозим. 16 яшар қизни
мактабдошига кўнгил қўйгани учун мажбуран бошқа мактабга ўтказишлари
ота-она томонидан нотўғри қўйилган қадам деб ҳисоблайман. Барибир қиз
четдан қараганда ота-онасидан ҳайиқиб ўша йигитдан узоқлашар, лекин
қалбан ундан воз кечолмайди. Улар бир-бири билан сирдош бўлгандир, доимо
сирларини ўртоқлашган бўлишлари мумкин. Қиз сирдошидан айрилгач, руҳан
тушкунликка тушиб қолади, бу унинг соғлиғига таъсир этмай қолмайди,
натижада ҳаётдан, одамлардан кўнгли совиб кетади. Севиб-севилиб яшаётган
ёшлар агар тарбияли бўлсалар, уларга ишонч билдириб, ҳис-туйғуларини
ҳурмат қилиш керак. Албатта йигитнинг қанақалигини текшириш лозим. Агар
тарбияли, ичиб-чекмайдиган йигит бўлса, ота-онаси қизининг дўсти
сифатида у билан танишишлари лозим. Умуман ота-оналар балоғат ёшидаги
фарзандига дўст, сирдош бўлсагина фарзанд ёмон йўлга кирмайди, кундалик
ҳаётидаги сирларини, янгиликларини ота-онасига ўз вақтида билдириб
туради ва улардан керакли маслаҳатларни олади.
– Ҳаётингиз давомида мактаб давридан севишиб юрганларни учратганмисиз?
– Мактабимизда бир қиз билан йигит севишиб юришарди. Уларнинг
муносабатини барча биларди. Ота-онаси қарши бўлишса ҳам бир-бирларини
охиригача ҳимоя қилишди. Мактабни битиришгач, йигит қизга совчи
юборганида қизнинг ота-онаси институтга ўқишга кирсанг, қизимизни сенга
берамиз деб шарт қўйишганди. Йигит севгисига етишиш учун ҳам тиришиб,
ҳаракат қилиб, барибир ўқишга кирди. Қизнинг ота-онаси ҳам ваъдасида
туриб тўйларига розилик беришди. Бугун уларнинг икки фарзанди бор. Жуда
бахтли яшашяпти.
МИШ-МИШ ШУНАҚА НАРСАКИ...
Усмонжон Йўлдошев, журналист:
– 16 ёшдаги қиз боланинг олдида севги муҳаббатдан кўра масъулиятлироқ,
буюкроқ юмушлар турибди, яъни билим олиш, ҳунар ўрганиш. Қиз келажагига
ўта енгиллик билан қараяпти. Қиз мактабида қолгиси келаётган бўлса
ота-онасини бунга ишонтириши лозим. Аслида яқинлари уни йигитдан олиб
қочишмаяпти, ўртада катта ишончсизлик пайдо бўлган. Мактабни
ўзгартиргани билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Уни мажбурлаб бошқа
мактабга ўтказилиши ҳар томонлама салбий таъсир кўрсатади, мактабга
кўниколмаслиги бор, келажаги учун ҳам минус бўлиб бораверади. Эртага
"Нима учун айни битирар маҳали қиз бошқа мактабга ўтди?” деган гап
чиқиши мумкин. Миш-миш шунақа нарсаки, кимдир бир йигит туфайли бошқа
мактабга ўтиб кетибди деса, бошқаси бошқачароқ талқин қилади. Қиз
боланинг шаънига бу жудаям ёмон. Охир-оқибатда шунчаки ўткинчи
ҳисобланган нарса қизнинг номусигача бориб тақалади. У мактабдан бу
мактабга ўтказилгани билан қўл телефони бор, интернет дегандай,
учрашишнинг йўллари кўп, буни ҳеч таъқиқлаб бўлмайди. Бунақа вазиятда
она қизи билан очиқчасига гаплашиб олиши керак. Қиз бола ташаббус билан
чиқиши керакки, энди хаёлимни фақат ўқишга қаратаман деб ваъда бериши
лозим. Бир марта ота-онасининг ишончини йўқотган фарзанд ҳаётда кўп
қийналади. Ўсмир эртага коллежга кириши бор, сўнг олийгоҳга ёки ишга,
шулар ҳақида ўйласин. Ҳозир 16 ёшда экан, борингки, 20 ёшигача давом
этади бу нарса, йигирмадан кейин ҳаётнинг ўзи мажбур қилади ўқиш, иш
ҳақида ўйлашга, лекин унда жуда кеч бўлади. 16 яшар қизчанинг бу мавзуда
ота-онасидан шикоят қилиши унинг хали ғўрлигидан, ҳаётни
тушунмаслигидан далолат беряпти. 16 яшар қиз учун севишга жуда эрта деб
ҳисоблайман. Ота-онаси бошқа мактабга ўтказишга уриняптими, жиддий
сабаблар бўлиши керак. Қиз ота-онасини ишончига кирсин. Ўткинчи туйғулар
қайта-қайта такрорланаверади, лекин ишончни бир йўқотгач тиклаб
бўлмайди.
– Ўсмирларни ўткинчи севгидан ҳимоялаш мумкинми?
– Бундай туйғулар ҳар бир ўсмирда пайдо бўлади, лекин катталарнинг
таъсири ёрдамида ўткинчи руҳиятдан чиқиб кетиш мумкин. Ёшларнинг турмуш
тарзини қай даражада олиб бораётгани ота-онасига ҳам боғлиқ. Бугун ёшлар
учун имкониятлар чексиз. Бугун қирқ ёшда эканман, жуда орзу қиляпман,
қани энди ёш ўсмир бўлиб қолсаму, бугунги имкониятлардан фойдаланиб,
янаям билим олсам, ҳунар эгалласам дейман. Ёшларнинг керакли
имкониятлардан фойдаланмай, ўткинчи нарсаларга берилиши бекорчиликдан
келиб чиқяпти. Демак, ота-она вақтида қизни ўқишига жиддий қараб, бирор
касбга йўналтира олишмаган. Ўқиш билан чалғиган, ҳунар билан банд ёшлар
одатда вақтини қизғонади, ўткинчи ҳисларга берилиб қолишмайди.
Ота-онаси ўта эркин қўйиб қўйган ўсмирлар ўтиш даврини илм ҳунар билан
эмас, бекорчи нарсалар билан ўтказиб юборишади. Ҳаётий кузатишларимдан
шу нарсага амин бўлганман, одатда ўткинчи туйғуларга берилиб,
ота-онасини норози қилаётганлар қўлидан телефон тушмайдиган,
такасалтанг, на илмга, на меҳнатга бўйин бермайдиган хаёлпаришон,
бекорчи ёшлардан келиб чиқяпти. Ҳали ҳам кеч эмас, синглимиз яхшилаб
ўйлаб кўрсин, қайси ҳунарга қизиқиши бор? Ўзига ўзи савол берсин "Ҳаётда
нима учун яшаяпман?” деб.
Ҳурматли ота-оналар, фарзандингиз балоғат ёшидами? Уни кўча-кўйда
беқарор юришдан, беҳуда хаёлларга берилишдан сақлаш мақсадида бирон
ҳунарга ёки ўқишга тайёрловчи тўгаракка аъзо этганмисиз? Умуман
фарзандингиз учун дўст, сирдош бўла олганмисиз? Юқоридаги мухлисимизнинг
шикоятига ҳамда мутахассислар томонидан унга билдирилган
фикр-мулоҳазаларга қандай баҳо берасиз?
Балоғат бўсағасидаги ёшларга айтар сўзимиз – муҳаббат бор ва ҳамиша
бўлиб келган. Қолаверса Ватанга, ота-онага, дўстларга, билиму касбга
нисбатан муҳаббат мавжуд. Шундай экан, ҳаётда қоқилмай яшаш учун ҳар бир
муҳаббатингизни асраб-авайланг, ҳурмат қилинг.
Раъно Маҳмудова
|