-- Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунларига кўра, республикамиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб келинган товар моддий бойликлар ваколатли органларнинг қарорларига асосан тегишлилиги бўйича давлат даромадига ўтказилади ёки белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июль қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Низом республика қонунларига мувофиқ давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, ҳисобга олиш, сақлаш, баҳолаш ва сотиш, шунингдек, уни йўқ қилиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низомга асосан мол-мулкни олиб қўйиш ваколатли орган томонидан қуйидаги тартибда ва асосларда амалга оширилади:
— қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда дастлаб мол-мулкни олиб қўйиш тўғрисида ваколатли орган масъул вакили баённома тузади. Далолатномага асосан олиб қўйилган мол-мулкни бир кеча-кундуз муддатда сақлаш учун жойлаштириш масаласи ҳал қилинади. Олиб қўйилган мол-мулкнинг истеъмол, фойдаланиш, қайта ишлаш учун яроқлилигини экспертизадан ўтказиш, уни баҳолаш мақсадида масъул вакил уч сутка мобайнида, тез бузиладиган товарларга нисбатан эса бир сутка мобайнида эксперт ва баҳоловчини тайинлайди;
— мол-мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги материаллар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга берилади;
— мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиш тўғрисида қарор қабул қилган суд ёки бошқа ваколатли орган ўзи чиқарган тегишли қарор кучга киргандан сўнг кейинги кундан кечиктирмай ижро ҳужжатини тегишли Суд департаментининг туман (шаҳар) бўлимига юборади.
Мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар ижроси суд ижрочилари томонидан амалга оширилади.
Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулклар бир ойлик муддат мобайнида сотилмаган тақдирда суд ижрочиси тегишли ваколатли органлар вакиллари иштирокида мол-мулк қийматини 10 фоизгача арзонлаштириши мумкин.
Ҳозирда Андижон вилояти ҳудудида Суд департаментининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси билан тузилган шартнома асосида давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкларни сотишга ихтисослаштирилган савдо ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Вилоят ҳудудий бошқармаси суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимлари суд ижрочилари иш юритувига ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ижро ҳужжатлари билан жами 3716 та 3 миллиард 47 миллион 950 минг сўмлик ижро ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 2010 йилнинг биринчи чораги мобайнида ихтисослаштирилган савдо ташкилотлари орқали 1 миллиард 290 миллион 624 минг сўмлик мол-мулклар соттирилиб, мол-мулкларнинг сотилишидан тушган пул маблағлари белгиланган тартибда тақсимланиб, давлат даромадига ўтказилган.
Баҳодиржон ЮСУПОВ,
Суд департаментининг Андижон вилоят
ҳудудий бошқармаси бошлиғи
Manba :Region.uz