Фарғонанинг «Нефтчи» футбол клуби футболчилари 7 октябрдан пахта теримига хашарга чиқди. Бу ҳақда Кун.уз сайти футбол агенти Санъат Шариповнинг твиттерда берган маълумотига таяниб хабар беради.
«Нефтчи» аъзоси Павел Смоляченко пахта теримида», – деб ёзган Санъат Шарипов, жамоа ярим ҳимоячиси пахта тераётгани тасвирланган суратни ҳам илова қилган.
Шариповнинг қўшимча қилишича, 7 октябрдан «Нефтчи» жамоасининг барча аъзолари пахта теримига чиққан.
Ўзбекистон Олий Лигасида иштирок этувчи «Нефтчи» мусобақа доирасидаги сўнгги ўйинини 5 октябрь куни Қаршида «Насаф»га қарши ўтказиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. Жамоа кейинги ўйинни, ЎзПФЛ маълумотларига кўра, 18 октябрь куни ўз майдонида Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасига қарши ўтказади.
|