Банкрот деб эълон қилинган»Ўздунробита» («МТС» компаниясининг Ўзбекистондаги шўъбаси – «МТС-Ўзбекистон»)нинг кредиторлари қўмитаси компания мулкини Ўзбекистоннинг маҳаллий бошқарув органларига топширишга қарор қилди. Бу ҳақда, «Новый век» газетасининг ёзишича, «РИА Новости» ахборот агентлиги компаниядаги манбасига асосланиб хабар тарқатган.
«Кредитлар ликвидацион бошқарувчи томонидан компания мулкини сотиб олиш тўғрисидаги таклифини рад этишди. Мулкларни маҳаллий бошқарув органлари ҳисобига ўтказиш тўғрисидаги қарор 12 август куни кредиторлар қўмитаси томонидан қабул қилинди», – дея маълумот берди манба.
Компанияни тугатиш комиссияси июль ойи бошидан бери «Ўздунробита» ва унинг 14та вилоят филиалларини 1,07 триллион сўм (Марказий курси бўйича – 510 миллион доллар)га сотишга уч марта уринди, бироқ уринишлар самара бермади.
«Ўздунробита» 22 апрель куни банкрот деб тан олинган эди. Компания яқин бир йил ичида тўла тугатилиши керак. «МТС»нинг Ўзбекистондаги шўъбаси ўз фаолиятини амалда 2012 йил июлида, компания лицензиялари тўхтатиб, кейин бекор қилинганидан сўнг тўхтатган эди. Ўзбекистон ҳукумати компания топ-менежерларини пул маблағларини ювиш ва солиқлардан бўйин товлашда айблаганди.
2012 йил сентябрида, суд қарори билан, «Ўздунробита» мулки давлат ихтиёрига ўтказилган эди. Кейинроқ эса ушбу қарор бекор қилинган, бироқ компания 600 миллион доллар миқдорида пул тўлаши кераклиги маълум қилинганди.
«МТС» компанияси аввалроқ бир неча бор «Ўздунробита»га нисбатан илгари сурилган айбловлар асоссизлигини маълум қилганди. Май ойида компания Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион баҳсларни тартибга солиш бўйича Халқаро марказга Ўзбекистон устидан ариза бергани маълум бўлди. Ариза қабул қилинган ва тафсилотлар ўрганиб чиқилиши бошланган