Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА)нинг 2012 йил 17
июлдаги 19-L-сон буйруғига кўра МЧЖ шаклидаги «ЎЗДУНРОБИТА» ХКга кўчма
радиотелефон (мобил) алоқа тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва
хизмат кўрсатиш учун 2004 йил 28 июлда берилган АА серияли
000682-рақамли лицензиясининг амал қилиши йўл қўйилган қонун
бузилишларини бартараф этиш учун 2012 йил 17 июль соат 18:00 дан 10 иш
кунига тўхтатилган эди.
МЧЖ шаклидаги «ЎЗДУНРОБИТА» ХКнинг 2012 йил 18 ва 24 июлдаги хатлари
билан ЎзАААнинг юқорида қайд этилган буйруғида кўрсатилган
қонунбузарликларнинг бартараф этилганини маълум қилди ва тармоқни тиклаш
мақсадида 28.07.2004 йилдаги АА серияли 000682-рақамли лицензиясининг
амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиш тўғрисида мурожаат
қилган.
Кейинги олиб борилган мониторинг натижаларига кўра ЎзАААнинг 2012 йил
17 июлдаги 19-L-сон буйруғида кўрсатилган ноқонуний фойдаланиш, хусусан
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги радиореле линияларидан ноқонуний
фойдаланиш тўхтатилмаганлиги аниқланди.
Аниқланган далиллар компания томонидан Давлат алоқа инспекциясининг ва
ЎзААА буйруғидаги кўрсатмалари бажарилмаганлигидан далолат беради, бу
эса Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сон қарори билан
тасдиқланган "Телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш тўғрисидаги
Низом”нинг 46-бандига мувофиқ лицензиатнинг мажбуриятларини
бажармаганлиги сифатида тан олиниб, лицензиянинг амал қилинишининг
тўхтатилишига сабаб бўлди.
"Айрим фаолият турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон
Республикаси Қонунининг 22-моддасига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг
2000 йил 22 ноябрдаги 458-сон қарори билан тасдиқланган
"Телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш тўғрисида Низом”нинг
45-бандига мувофиқ лицензиат томонидан лицензия берувчи органнинг
аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарорини
бажармаганлиги учун Тошкент шаҳар Хўжалик суди мазкур лицензиянинг амал
қилишининг тўхтатилиши муддатини уч ойга узайтириш тўғрисида қарор қабул
қилди.