Ўзбекистон Президенти
Ислом Каримов 2012 йил 10 майда 2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида
Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини тасдиқлади.
Мазкур ҳужжат хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, авваламбор қишлоқ
жойларда кўрсатилаётган хизматлар турини кенгайтириш ҳамда сифатини яхшилаш ва
бунинг асносида мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантириш,
аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш ва фаровонлигини
юксалтиришда хизмат кўрсатиш соҳасининг роли ҳамда аҳамиятини ошириш мақсадида
қабул қилинди.
Дастур хизматларнинг мамлакат ЯИМдаги
улушини 55% гача оширишни кўзда тутувчи 2012-2016 йилларда республика бўйлаб хизматлар
соҳасининг асосий турларини ривожлантиришнинг мақсадли параметрларини ўз ичига
олади.
Хизматларнинг Ўзбекистон ЯИМдаги улуши
2012 йилда 52% ни, 2013 йилда – 52,5% ни, 2014 йилда – 53% ни, 2015 йилда – 54%
ни ва 2016 йилда – 55% ни ташкил этиши кутиляпти.
2012 йилда хизмат кўрсатиш соҳасининг
ўсиши 14,9% ни, 2013 йилда – 15,6 % ни, 2014 йилда – 16,2% ни, 2015 йилда –
16,9% ни ва 2016 йилда – 17,4% ни ташкил этади.
Дастурда ҳудудлар бўйича хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли
параметрлари ва ЎзААА томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг янги турларини
ривожлантиришнинг прогнозли параметрлари берилган
Ушбу Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги
"Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис
соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги
ПҚ-325-сонли қарори
билан белгиланган, мазкур Қарорнинг 5-иловасига мувофиқ рўйхат бўйича хизмат
кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ҳамда ягона
солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 1 январигача
узайтирилди.
325-сонли Қарорнинг 4-иловаси ўз кучини йўқотди. Имтиёз қўлланиладиган
хизматлар рўйхати электрон таълимни ҳисобга олган ҳолда кенгайтирилган.
2012 йилнинг II чорагидан бошлаб, агар
имтиёзлар берилган хизмат турларини кўрсатишдан тушум тушумнинг умумий ҳажмида
80 ва ундан юқори фоизни ташкил этса, фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича
имтиёзлар микрофирма ва кичик корхоналарнинг барча даромадларига татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 декабрдаги
ПҚ-1675-сонли қарорининг 27-иловасига мувофиқ, 325-сонли Қарор билан
микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови
бўйича белгиланган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2014 илнинг 1 январигача
узайтирилган эди.
Бундан ташқари, Қарорнинг 5-бандига мувофиқ, 2012 йилнинг II чорагидан бошлаб:
• қишлоқ жойлардаги маҳаллалар ҳудудида маиший хизмат
кўрсатиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар (сартарошлар,
тикувчилар, пойафзал, маиший техникани таъмирлаш бўйича уста ва бошқалар)
қатъий белгиланган солиқ тўлашдан 3 йил муддатга;
• қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши асосида барпо этилаётган
массивларда ташкил қилинаётган кирхоналар хизматларини кўрсатадиган
микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тегишли равишда
ягона солиқ тўлови ҳамда қатъий белгиланган солиқ тўловини тўлашдан 5 йил
муддатга озод этилди.
Қарорга мувофиқ, "Микрокредитбанк” ОАТБ 2012-2016 йилларда хизматлар соҳасини
ривожлантиришга 189,942 млрд.сўмлик имтиёзли кредитларни тақдим этади. Хусусан,
банк 2012 йилда 21,18 млрд.сўм, 2013 йилда – 27,594 млрд.сўм, 2014 йилда –
35,59 млрд.сўм, 2015 йилда – 45,9 млрд.сўм ва 2016 йилда – 59,66 млрд.сўм миқдорида
кредит маблағларини ажратади.
Ҳужжатда қайд этилишича, ажратиладиган имтиёзли кредитлар хизматлар соҳасида
янги объектларни барпо этишга ҳамда хизматлар кўрсатишга ихтисослашган мавжуд
тадбиркорлик субъектларини техник ва технологик жиҳозлашга (қайта жиҳозлашга)
йўналтирилади.
|