Наш опрос | |
Статистика |
Xozir saytda 119 Mehmonlar 119 A'zolar 0 |
|
| | |
|
17:31:44 Компьютер билан "дўстлашиш" хавфлими? |
Бугунги кунда замонавий компьютер технологиялари ёрдамида бир вақтнинг ўзида ҳам маълумот олиш, мулоқот қилиш, телевизор кўриш, мусиқа тинглаш, харид қилиш ва ҳатто таомга буюртма бериш имконияти бор. Компьютер ва интернет билан қанчалик яқин дўстлашмайлик, айрим вазиятларда ўта эҳтиёткорлик зарар қилмайди. Зеро, компьютерда танишлар билан мириқиб суҳбат қураётганингизда, кимдир сизга тегишли маълумотларни ўзлаштириб олаётган бўлиши мумкин.
"Хакер”ми – "Кракер”ми?
Хакер деганда кўз олдимизга биринчи навбатда компьютерларга ноқонуний йўллар билан кирадиган, дастурларни бузиб, банк пулларини ўмарадиган, вируслар тарқатиб, тизимларни ишдан чиқарадиган компьютер қароқчилари келади. Аслида ҳам шундайми? Хакерлар ўзи кимлар, улар қачондан ёмон отлиқ бўлиб қолишди? Агар "хакер” сўзининг луғавий маъносига қарасак, малакали ахборот технологиялари мутахассиси, компьютер технологияларини пухта ўзлаштирган шахс деган тушунча ҳосил бўлади. Дархақиқат, бу сўз аввалига компьютер дастурларига оид хатоларни турли усуллар билан тузатиб, муаммоларни бартараф этадиган соҳанинг энг билағон кишиларига нисбатан қўлланилар эди. Хусусан, 1960-йилларда фақатгина энг кучли ва малакали дастурчиларни "хакер” деб атаганлар. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида эса операцион тизимларнинг заиф томонларини бартараф этиш мақсадида тизим қайтадан ишлаб чиқилади. Айнан шу даврда компьютер тармоғида авж олган хуфёна ўғриликлар хакерларга "бузғунчи” деган тамғанинг босилишига сабаб бўлган. Лекин, бу хато. Аслида бундай шахсларни кракер (crack - бузиш) деб атаган тўғрироқ бўларди. Жаҳон миқёсида ахборот технологиялари ривожланланиши билан проффесионал хакерлар сони ҳам ортиб бормоқда. Компьютер оламидаги 80 фоиз фойдаланувчилар хакерларни ўша-ўша жиноятчилар деб ҳисоблайдилар. Бунга компьютер тизимида содир этилаётган ўғриликлар сабаб бўлмоқда.
Компьютер техникаси - хавфли қурол!
Айтиш жоизки, жиноий мақсадларни амалга оширишда компьютер техникаси асосий қурол бўлиб хизмат қилмоқда ва ундан жиноят содир этиш воситаси сифатида фойдаланилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, компьютер ҳуқуқбузарликлари оқибатида саноати ривожланган мамлакатлар иқтисодиёти хар йили миллиардлаб зарар кўради. Компьютер жиноятларининг ўзига хос хавфи ҳамда унинг жаҳон мамлакатлари цивилизациясига салбий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, БМТ доирасида ушбу жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали йўлларини излаб топиш чоралари кўрилмоқда. Лекин яқинда, ушбу йирик ташкилотнинг ўзи ҳам хакерлар нишонига айланди.
Даракчи маълумотномаси. Хакерларнинг хужуми оқибатида молиявий зарар кўриш кўрсаткичи АҚШда тахминан 100 миллиард, Британияда 4,45 миллиард, Европа Иттифоқи мамлакатларида 30 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
Ақчамни қаерда сақлай?
"Team Poison” хакерлар гуруҳи ўз Twitter саҳифасида БМТнинг мингдан зиёд ходимларига тегишли электрон почта ва уларнинг калит сўзларини ошкор қилишганини эълон қилишди. БМТни "Глобал коррупция сенати” деб атаган хакерлар, ташкилотнинг айрим масалалар юзасидан олиб бораётган сиёсатини қоралашган. Би-Би-Си га интервью берган БМТ вакили хакерлар чиндан ҳам ташкилот серверини "синдиришгани”ни лекин хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилган. Унинг айтишича, ўғирланган маълумотлар 2007 йилга оид бўлиб, бугун улардан деярли фойдаланилмайди. Компьютер жиноятчилиги тарихан бир неча босқични босиб ўтган.
·
Халқаро рўйхатга киритилган ва компьютер жинояти деб ҳисобланган биринчи воқеа 1979 йил Вилньюс шаҳрида кузатилган. Ўшанда хакерлар ЭҲМ орқали 80 мингга яқин рублни ўзлаштириб олишган.
·
Америка саноат хавфсизлиги жамияти ва "Pricewater house Coopers” компанияси кўрсатмасига кўра, 1999 йилнинг ўзида корпорациянинг 45 миллиард АҚШ долларига тенг келадиган маълумотларини ўғирлашга уринишлар бўлган.
·
2000 йилда компьютер вирусларининг тарқалиши оқибатида тахминан 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида молиявий зарар кўрилган.
·
«LOVE» деб номланган вируснинг ўзи 45 миллиондан кўпроқ компьютерга тарқалиб, ҳатто Пентагон ва Британия ҳукумати компютерларига ҳам зарар етказган. Маълумотларга кўра ҳар икки ташкилот ушбу вирус туфайли 8,75 миллиард АҚШ долларини йўқотган.
Вируснинг "юбилейи”
Дунёдаги биринчи компьютер вируси – Creeper дастури яратилганига 40 йил тўлди. У 1971 йилда АҚШ мудофаа вазирлиги агентлиги тармоғи – ARPANET3 га хизмат кўрсатувчи компания ходими томонидан яратилган. Амалий жиҳатдан Creeper хеч қандай зарарли вирус бўлмаган. Муаллиф Боб Томас шунчаки компютерлар бўйлаб ҳаракатланадиган дастур яратган холос. Ҳозирги вируслардан фарқли ўлароқ Creeper янги компьютерга ўтгач аввалгисидан ўчиб кетаверган. "Вирус” атамаси анча кейин пайдо бўлган. 1983 йили калифорниялик талаба Фред Коэн ўз-ўзидан кўпаювчи ва тармоқларга тарқаб кетувчи дастур устида иш олиб борган, бироқ у яратган вирус ҳам зарарсиз бўлиб, доимий назорат остида эди. Лекин Коэн барибир, компьютер вируси муаллифи сифатида тарихда қолди. Унинг сўзларига кўра, бугун глобал муаммо даражасига етиб қолган вирусларни 100% аниқлаб, фош эта оладиган алгоритмни яратишнинг иложи йўқ. Шундай экан, компьютердан фойдаланаётганда эҳтиётингизни қилиб қўйганингиз маъқул.
Компьютерни хакерлар хужуми ва вируслардан ҳимоя қилишнинг 6та усули.
Кибер ўғрилардан ҳимояланиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди:
Шахсий компьютердан фойдаланасизми ёки тармоқ компьютерларими, қатъий назар -
1. компьютерингизга лицензияли антивирус ўрнатинг ва унинг базасини тез-тез янгилаб туринг;
2. операцион тизим ва дастурларни вақти-вақти билан янгилаб туринг;
3. диск ва папкаларга киришга рухсат очманг ёки фойдаланиб бўлгач уларни яна ёпиб қўйинг;
4. "Firewall” дан фойдаланинг ва уни янгилаб туринг. Ушбу дастур компьютердаги маълумотларни сақлашга хизмат қилади;
5. ишингиз тугагач, агар локал фойдаланувчи бўлсангиз, виртуал серверни ўчиринг;
6. калит сўзлар (парол ва код)ларингизни фақат сўз ёки ҳарф эмас, балки рақамлар ҳамда бир неча рамзлардан тузинг. Имкон борича шахсий маълумотларингизни компьютерда сақламанг.
Юқоридаги қоидаларга амал қилсангиз, ўз хавфсизлигингизни таъминлаган ва ахборот технологиялари ривожига ҳисса қўшган бўласиз.
|
Категория: QIZIQARLI MA'LUMOTLAR |
Просмотров: 644 |
Добавил: shuhrey
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
| |
|
|