ЖАСУР УМИРОВНИНГ ЯНГИ ИМТИҲОНИ. ТАФСИЛОТЛАР.
1.Концертда томошабин бўлган машҳурлар: Зокир Очилдиев, Шароф Муқимов, Шоира Отабекова, Отабек Муталхўжаев, Ёдгор Мирзажонов, Асал Шодиева, Зарина Низомитдинова, Улуғбек Раҳматуллаев...
2.Улуғбек Раҳматуллаев Умировни қутлаб, саҳнада "Бемор” ва "Жоним”ни куйлаб, концертга янада файз қўшди. Саҳна декорациясининг жуда ёққанини ҳам алоҳида таъкидлади ва концертнинг иккинчи кунида томошабин сифатида дастурни тўлиқ томоша қилди.
3.Севимли раққоса Паризода саҳналаштирган рақслар мухлисларга ҳайрат улашди. Қўшиқлар мазмунига мос либос ва рақслар таҳсинга арзигулик. 4.Раққосалар "қўғирчоқ”дан далада "кетмон кўтарган ишчи”ларгача айланишди!
5.Йигитларнинг "Грузинча” ва "Оғалар”га қойилмақом рақсга тушгани учун ҳам залда узоқ дақиқалар олқишлар тинмади!
6.Саҳнада "Жасурча”лар! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова раҳбарлигидаги "Истиқбол” истеъдодли болажонлар мактабининг юлдузчалари Жасур Умиров қиёфасида ва унинг хит қўшиқларини ўз овозларида куйлаб намоён бўлиши кутилмаган шоу бўлди!
7.Бир-биридан гўзал раққосаларнинг келинлар либосида кўриб томошабинлар оғзи ҳангу манг очилди!
8.Дўстликни улуғлаб Жасур Умиров мухлисларига яна бир бора қадрдони Зафар Қодировни таништирди: иккала дўст бир-бирига савол-жавоб бергандай қўшиқ куйлашди.
9.Умировнинг уч хил саҳна кийиниш услуби хонанданинг дидида ҳам ўсиш аломати борлигини исбот этди! Оригиналлик, жаҳон андозасига талабига жавоб, шоу мантиғига уйғунлик!
10.Жасур илк маротаба ўзини моҳир шоирона нутқда ҳам синаб кўрди. Чакки бўлмади. Хонанда муҳаббат ҳақидаги шеърларни ўзи ўқиб, уларга мос равишда видеоларда ҳам бош қаҳрамон бўлди. Янгилик!
11.Концерт аншлаг ўтди! Аншлаг! Битта қизил ўриндиқ йўқ! Саҳнадан туриб, залга қарасангиз, 4200 та мухлисни кўриб, кўзингиз қувнайди!
УМИРОВ ВА ҲАМКАСБЛАРИ. КИМ ҚАНДАЙ ФИКРДА?
Жасур Умиров: "Камчиликларимни ўзим яхши биламан. Концертимда қандай хатоликлар бўлса, ҳаммасини ўйлаб кўрдим ва иккинчи кунда бартараф этишга ҳаракат қилдим. Биласиз, саҳнанинг юки оғир. Ҳаяжонсиз эса саҳнага чиқиб бўлмайди. Ҳаммаси ҳаяжонга боғлиқ. Майкл Жексон айтган экан: "Ҳаяжонсиз саҳнага чиқишдан қўрқаман. Чунки, ҳаяжон билан санъаткор саҳнада тириклигини кўрсатади!”. Мен ҳам ушбу маъноли фикрларга амал қиламан.”
Шоира Отабекова: "Анча ўсиш бор, Жасурнинг ижодида. Кичик камчиликлар эса ўтиб кетади. Ким хато қилмайди, дейсиз? Унга омад тилайман.”
Улуғбек Раҳматуллаев: "Ўз йўли борлиги учун ҳам Умировни ҳурмат қиламан. Битта ресторанда овқатланишга борганда кўришиб турамиз. Яқинда бир нарсага гувоҳ бўлдим: концерт югур-югурларидан роса чарчаган шекилли, таом келгунича, столга бошини қўйиб ухлаб қолди. Жонини бериб ишлаган экан, мана натижа! Аншлаг концерт!
Отабек Муталхўжаев: "Жасур Умировни қўллаб-қувватлагани келдим. Омадини берсин. Шунча ҳаракат қилган. Ажойиб декорация. Клуб йўналишидаги қўшиқлари роса ёқди.”
Асал Шодиева: "Антиқа концерт. Бу концертдан кейин Жасур Умировни ўзим учун янги юлдуз сифатида кашф этдим. Энг қизиғи, ёш болакайларнинг Жасур образида намоён бўлгани! Бу сенсация! Бу жуда завқли!”
|