Бирин-кетин экранларга актриса ижросидаги фильмлар чиқди. Яқин кунларда премьераси кутилаётган "Узук” бадиий фильми Жамиланинг ижодий қирраларини янада очишига шубҳа йўқ. Мазкур фильмда актриса бир-бирига қарама-қарши бўлган икки хил образни ижро этди. Бири, шоу бизнес оламининг машҳур юлдузи Ширин, иккинчиси, қишлоқ мактабининг оддий ўқитувчиси Малика. Тақдир тақазоси билан уларнинг ҳаёт йўли тўқнашади. Актриса бу икки хил образда қаҳрамонларнинг ички дунёсини очиб бера олди. Ширин салбий йўналишдаги образ, Малика эса ижобий роль. Айнан шу фильм туфайли актриса дебютант актёрдан калтак ҳам еб олди. Гап шундаки, Маликанинг эридан ҳақоратланиш саҳнасида Сирожиддин исмли ёш актёр Жамилани бехосдан уриб юборди. Зарба айнан Жамиланинг кўзига келиб тушди. Дубль тугамагунча, Жамила тишини тишига қўйиб оғриққа чидади. Кинода шунақаси ҳам бўлади.