25 август куни Ироқда бўлган портлашлар кетма-кетлиги сабаб 48 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар бермоқда. Яна 100 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Бағдод ва унинг атрофида бир нечта, шунингдек, мамлакат шимолидаги сунний мусулмонлар истиқомат қиладиган бир неча шаҳарларда портлашлар содир этилган. Портловчи моддалар бозорлар ва одамлар гавжум кўчалардаги машиналарга ўрнатилган.
Бундан ташқари, Бағдод шимоли-шарқида жойлашган Баъқуба шаҳридаги шиялар тўйида ҳам портлаш содир этилган. Найнав вилоятида эса жангарилар ҳарбийлар кетаётган юк машинасига қарата ўт очишлари натижасида беш киши ҳалок бўлган. Худди шу вилоятда амалга оширилган яна икки ҳужум натижасида бир ҳарбий ва икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Сўнгги ойларда Ироқда хунрезлик даражаси кескин ошиб, 2008 йилда қайд этилган энг юқори кўрсаткичга етди. Суннийларнинг жангари гуруҳлари Саддам Ҳусайн ағдарилганидан сўнг ҳокимият тепасига келган шияларга қарши кураш олиб бормоқда.
AFP маълумотларига кўра, 2013 йил бошидан бери ИРоқда камида 3,6 минг киши ҳалок бўлган. Биргина июль ойининг ўзида, БМТ маълумотларига кўра, мингдан ортиқ ироқлик ҳалок бўлган, яна 2,3 минг киши турли даражада тан жароҳати олган.
Ироқ ҳукумати террорчиликка қарши муваффақиятли кураш ҳақида баёнот бераётган бўлсалар-да, кузатувчилар мамлакатдаги тўқнашувлар кескинлашаётгани қайд этиб, Ироқ ҳукумати хорижий ёрдамсиз бу муаммони ҳал қилишга қодирмаслигини таъкидлашмоқда.