26 сентябр куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида
баскетбол устаси Мартин Конлон билан матбуот анжумани ҳамда унинг
шарафига мусиқий кеча бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида столдан жоой олган
спортчининг бўйи 2 метрдан зиёд эканлигини ҳеч ким тасаввур этмаган
эканми, анжуман ниҳоясида ўриндиғидан турган Конлонни кўриб ҳайратга
тушдик. Фикрлари теран, очиқсўз, бироз ҳазилкаш ва сертабассум бу
спортчи йиғилганларда яхши таассурот қолдирди. Фаолияти, оиласи, америка
ва ўзбек баскетболининг бугунги куни, истқболи ҳақида берилган барча
саволларга жўяли жавоб берди. Суҳбат давомида "баскетбол элчиси” Бухораи
шариф дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири эканлигини, баскетболга
ҳавасманд ёшларимизнинг эса нақадар иқтидорли ва тафаккури бой
эканлигини алоҳида таъкидлади. Бир ярим соатлик матбуот анжуманидан
сўнг, NBA (National Basketball Association)нинг менежери бўлмиш Мартин
Конлон шарафига мусиқий кеча уюштирилди. Меҳмонлар орасида машҳур спорт
ва санъат юлдузларини учратиш мумкин эди. Фаррух Зокиров, Насиба
Абдуллаева, Севара Назархон ҳамда Равшан Эрматовларнинг ташрифи суратга
тушишларни авж олдирди. Жасур Мирсагатов ижросидаги хорижий хитларнинг
жонли ижроси ҳаммани рақсга чорлади. Бу илҳақ учрашув янги ғояларнинг
пайдо бўлишига ҳам сабабчи бўлди. Насиба Абдуллаева ва Севара Назархон
биргаликда дуэт куйлашга келишиб олишди! Яна элчихона ходимларининг
маълумотларига қараганда, октябрнинг биринчи декадасида афсонавий
"Ялла”нинг эксклюзив концерти бўлиб ўтиши режалаштирмоқда. Бу эса бошқа
мавзу.
Хуллас, Мартин Конлон сабаб, икки миллат маданият ва
спорт уйғунлиги янада жипслашди. Шундай учрашувни ташкил этган барча
мутасаддиларларга юзлаб баскетбол ихлосмандлари номидан миннатдорчилик
билдирамиз.
|