Ўзбекистонда кузатилаётган меъёрдан юқори иссиқ ҳарорат муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига тавсиялар берди. Тавсияномалар мобил алоқа операторлари томонидан SMS тарзида етказилди. Фавқулодд вазиятлар вазирлиги куннинг иссиқ вақтларида сояда юришни, енгил кийимлар, бош кийим кийишни ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнакларни тақишни тавсия қилган. Бундан ташқари, уйда деразаларни маҳкам ёпиш ва совуқ душ қабул қилиш тавсия қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшимча қилишича, куннинг иссиқ соатларида спиртли ичимликлар ичиш ва ҳаддан ташқари кўп ҳамда юқори калорияли таомларни тановул қилишдан тийилишни маслаҳат берган. Бунинг ўрнига, вазирлик аҳолига имкон қадар кўпроқ суюқлик ичишни ва меваларни тановул қилишни тавсия қилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг SMS-хабарномалари аҳолига рус тилида жўнатилган. ФВВ бунгача асосан аҳолини тоғли ҳудудларда рўй бериши мумкин бўлган сел тошқинларидан, шунингдек, йилнинг совуқ ойларида маълум бир ҳудудларда ҳаракатланиш хавфли эканлиги ҳақида SMSлар орқали огоҳлантирарди. Қайд этишларича, ФВВ биринчи марта аҳолини иссиқдан ҳимояланиш ҳақида SMSлар воситасида огоҳлантирди. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 28 июль – 2 август кунлари Ўзбекистонга Эрондан иссиқ ҳаво оқими кириб келиши муносабати билан, ҳаво ҳарорати меъёрдагидан 4-7 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Жумладан, жанубий ва марказий вилоятларда, шунингдек, Тошкентда ҳаво ҳарорати +43…+45 даражагача исиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган.
|