Ҳозирда "Ўзбекистон” телерадиоканали орқали намойиш этилаётган "Доктор Хаус” сериали ўз мухлисларини топишга улгурди, десак хато бўлмаса керак.
Бу сериални аввалроқ русча дубляжда кўриб, унинг ҳақиқий мухлисига айланган эдим. Сюжетнинг қизиқарлилиги, тиббий масалаларнинг тафсилотлари, айниқса, ақлли ҳазил ва таҳлилга бой диалоглари мени қойил қолдирган эди.
Сериалда инсон психологияси ҳаққоний ёритилган. Инсонда ижобий ва салбий хусусиятларнинг шаклланиши, у ёки бу вазиятда ўзини қандай тутиши етарлича асослаб берилган. Шу сабаб, мен бу сериал мамлакатимизнинг асосий телеканалида қўйилаётганидан қувондим.
Ишончим комилки, намойиш этилаётган қатор романтик сериаллардан фарқли ўлароқ илм, ақл, ўз ишига садоқат, мутахассис бурчи ва масъулияти каби тушунчалар биринчи планга қўйилган, шу билан бирга инсоннинг ҳаётий воқеаларга романтик ё хаёлий эмас, айнан ҳақиқий реакцияси акс эттирилган бу сериалнинг ўзбекча таржимасида етарлича хато ва нуқсонлар бўлишига қарамасдан у томошабинга жуда кўп нарса беради. Албатта, таржима мукаммалроқ бўлганида ўзбек томошабини сериалдан янада кўпроқ завқланган бўларди.
Ўзбек тили бўйича мутахассис сифатида ҳамда сериалнинг инглизча ва русча вариантларини томоша қилган оддий мухлис сифатида ўзбек тилидаги таржима менда бир қатор эътирозлар пайдо қилди. Бизда, одатда, Ғарб сериаллари рус тилидан таржима қилингани боис бу сериал ҳам русчадан ўзбекчага ўгирилган бўлса керак, деб тахмин қилдим. Сериални томоша қилиш давомида уни таржима қилган инсон ё ўзбек тилини яхши билмайди, ё рус тилини яхши тушунмайди, деган фикр пайдо бўлади кишида. Бу фикр таржимадаги қуйида сўз юритиладиган камчиликларга асосланади.
1. Таржимадаги хатолар. Сериалнинг 1-фасл 5-қисмида роҳиба аёл томонидан айтиладиган гап бор. Русчасида "…нельзя не верить в Бога и одновременно злиться на него” дейилади. Ўзбекчага "Уни ғазаблантириб, унга ишонмаслик мумкин эмас”, деб таржима қилинган. Аслида эса "...бир пайтнинг ўзида ҳам Худога ишонмаслик, ҳам ундан аччиқланиш мумкин эмас” деган мазмун ифодаланиши керак.
Шунингдек, 1-фасл 8-қисмда Форман доктор Хаусга бемор ҳақида "атропинга таъсири йўқ”, дейди. Атропин дори бўлса, нима учун бемор дорига таъсир қилиши керак, аксинча бўлиши керак эмасми деган савол пайдо бўлади. Русчасида "Не реагирует на атропин” сўзма сўз таржима қилганда ҳам "бемор атропинга ҳеч қандай реакция билдирмаяпти” мазмунини беради. Ўзбекча тушунарли бўлиши учун "Атропин таъсир қилмаяпти” дейиш тўғри бўларди.
1-фаслнинг 14-қисмида Хаус Воглерга "Я не завидую комитету по трансплантатам” деган гапида феълдаги инкор юкламаси тушириб қолдирилиб, "ҳасад қиламан” шаклида таржима қилинган. "Ҳасад қилмоқ” ва "ҳавас қилмоқ” феъллари рус тилида ҳам, инглиз тилида ҳам битта феъл билан берилиши ва ўзбекчага таржима қилаётганда контекст ва вазиятга қараб айнан қайси маънода қўлланаётганини аниқлаш лозимлигини кўпчилик билади. Бўлишсиз феъл бўлишли шаклда хато таржима қилиниши билан бирга, айни ўринда "ҳавас қилмайман” маъноси ифодалангани эътибордан четда қолган.
Бу хатолардан "таржима қилган киши рус тилини яхши тушунмас экан”, деган фикрга бориш мумкин. Гаплардаги бу каби мантиқий хатолар, наҳотки, республикамизнинг бош каналидаги муҳаррирлар назаридан четда қолган?
1. Сўзма-сўз таржима. Диалогларнинг аксарияти сўзма-сўз таржима қилингани учун тушунарсиз чиққан. Хусусан, сериалнинг бир қисмида Камерон Хаусга "Туғилган кунингиз билан” дейди, жавобан Хаус "Кимни?” деб сўрайди. "Кунингиз” сўзидаги эгалик қўшимчаси туғилган кун кимники эканлигини билдириб турганига наҳотки таржимон ҳам, матнни ўқиётган актёр ҳам эътибор бермаган бўлса? Туғилган кун билан табриклаш учун айтиладиган инглизча "Happy birthday”, русча «с днем рождения» ифодаларида гап кимга қарата айтилаётганини вазият белгилаб беради, уларда ўзбек тилидаги каби туғилган кун кимга тегишли эканини очиқ ифодаловчи грамматик кўрсаткич қўлланмаган. Инглизчада (сериал яратилган тилда) Хаус вазиятдан гап унга қаратилганини билиб турса-да, бу масалага бепарволигини кўрсатиш учун "кимни” деб сўрайди. Ўзбекчада эса икки одам гаплашаётган бўлсаю, бири "Туғилган кунингизбилан” деб иккинчисига қарата айтса, иккинчисининг "кимни” деган сўроғи камида аҳмоқлик белгиси саналади.
Биринчи фаслнинг охирги қисмида "пешоб пуфаги” бирикмаси ишлатилган. Русчадаги «мочевой пузырь»нинг сўзма-сўз таржимаси. Нега?! Ўзбек тилида у аъзонинг "қовуқ” деган номи бор-ку! Наҳотки, таржимон буни билмаса?
Шунингдек, сериалда кўп такрорланадиган "таҳлил натижаси салбий / манфий”, "дори иш беряпти /бермаяпти”, "унда оғриқ бор” каби сўзма-сўз таржима бўлган жумлалар борки, улар ўзбек томошабини учун ўта ғализ эшитилади. Жумладан, "таҳлил натижаси салбий / манфий” ёки "биопсия натижаси салбий” каби ифодани олайлик. "Салбий” сўзи ўзбек тилида "ёмон” деган деган маънони билдиради. Рус тилида "отрицательный” бўлса, у инсон сифатларига нисбатан ишлатилганда "салбий” деган мазмунни, тиббий таҳлил натижаларига нисбатан ишлатилганда "инкор қилувчи” мазмунини англатади.
Ҳар бир тилда сўзлар кўп маъноли бўлади, бир сўзнинг бир тилда билдирадиган ҳамма маъносини бошқа тилда айнан ўша сўз билан бериб бўлмайди. Масалан, ўзбекча "кўчанинг боши” деган бирикмадаги "бош” сўзини рус тилига ўз маъносида "голова”, яъни "голова улицы” деб таржима қилиб бўлмайди. Шунинг учун "таҳлил натижаси салбий / ижобий” дейишнинг ўрнига "таҳлил натижаси бу касаллик борлигини кўрсатмади / кўрсатди” дейиш томошабин учун тушунарлироқ бўларди.
3. Сўзларни хато қўллаш. Сериалнинг ўзбекча таржимасидаги аксарият гапларда сўзларнинг услубий жиҳатдан хато қўлланганига ҳам гувоҳ бўламиз. Масалан, "ёлғиз, жуфти (эри ё хотини) йўқ” деган тушунча "танҳо” сўзи билан берилган. Ўзбек тилида "танҳо” сўзи "тенги йўқ, ўхшаши йўқ” деган ижобий маънони англатади. Бу тушунча "ёлғиз” сўзи билан ифодаланса тўғри бўлади. Шунингдек, бир неча марта "зарба етказди” деган жумла қўлланган. Зарба етказилмайди, берилади; зарар етказилиши мумкин. "Зарба бермоқ”, "зарар етказмоқ” каби феъллар ясама феъл ҳисобланиб, худди ясама отлар каби (масалан, ошқозон, отбоқар) битта сўздир. "Ошқозон”ни "оштова” ёки "оштовоқ”, "отбоқар”ни "отқарар” деб бўлмагани каби "зарба бермоқ”нинг ўрнига "зарба етказмоқ” деб бўлмайди.
Яна бир ўринда "қандай касаллик эканини тахмин қиляпти” деган мазмунда "унинг ғояси бордир” деган гап ишлатилди. "Ғоя” сўзи мазкур вазиятда нотўғри ишлатилган. Ҳойнаҳой русча "у него есть идея?”дан сўзма-сўз таржима қилинган. Қайси ўзбек шифокор ҳузурига борса "менинг касалим нима эканлиги ҳақида бирор ғоянгиз борми?” деб сўрайди? Нега ўзбек томошабинига тушунарли шаклда "Хаус нима деб тахмин қиляпти” ёки "Хаус қандай фикрда” деб таржима қилиш мумкин эмас?
Бу каби хатолардан таржимон ўзбек тилини ҳам яхши билмас экан-ку, деган хулосага келиш мумкин.
Албатта, мазкур камчиликларни юзага келтирган қатор сабаблар бор. Вақт тиғиздир ёки молиявий муаммолар дегандай... Нима бўлганда ҳам инсон бир ишни қилар экан "мендан кетгунча, эгасига етгунча” ёки "хўжа кўрсинга” қабилида ёндашмаслиги керак. Бундай ёндашув ўз ишига нисбатан масъулиятсизликни, истеъмолчига нисбатан эса ҳурматсизликни ифодалайди. Айтайлик, биз сўз юритган сериал воқеаларининг марказида турган касб эгалари, яъни шифокорлар ўз ишига шу тарзда ёндашсалар, нима бўлади?
"Ҳалолнинг йўли қийин” деган гап бор. Ҳар бир ишни маромига етказиб бажариш кўпроқ меҳнат ва вақт талаб қилади. Шундай меҳнат натижаси узоқроқ яшайди ва кўпроқ инсонларни хурсанд қилади. "Доктор Хаус” сериали ҳам олти йилдан бери томошабинларни зериктирмай, суратга олиш ишлари ҳали ҳам давом этаётганлиги уни яратишда шундай катта меҳнат қилинганидан далолат беради. Ундан ўзбек томошабинларини баҳраманд этиш нияти билан иш бошлаганлар ҳам ўз ишларига янада масъулият билан қарасалар мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда бу сериалнинг ўзбекчаси ҳам "Ишдаги ишқ”, "Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмлари каби ўзбек томошабини учун аслидан ҳам кўра қизиқарлироқ ва севимлироқ бўларди.
Доктор Хауснинг интеллектуал фазилатларидан бири унинг полиглотлигидир. Аммо, афсуски, у ўзбекчада ҳали яхши "гапира олмаяпти”.
Ирода Азимова
Филология фанлари номзоди
ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети ўқитувчис