Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2013 йил 6 августдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 2 минг 111 сўм 45 тийинга тенг қилиб белгиланган. 30 июлдаги курс (2 минг 107 сўм 93 тийин) билан таққослаганда, 1 АҚШ доллари 3 сўм 51 тийин (ёки 0,17 фоизга), 2013 йил 1 январдаги ҳолат (1 минг 985 сўм 46 тийин) билан таққослаганда, 126 сўм 99 тийинга қимматлаган. Қайд этиш жоиз, 1 АҚШ доллари 2013 йилнинг 5 февраль куни расман 2000 сўмлик кўрсаткичдан ўтган эди. Ўзбек сўми расман 1994 йил 1 июль куни муомулага чиқарилган бўлиб, ўшанда Марказий банк курси бўйича 1 АҚШ доллари 7 сўмга баҳоланган. 1998 йил 28 июль куни 1 АҚШ долларининг баҳоси 100 сўмдан ошган бўлса, 2004 йилнинг 30 март куни валюта курси роппа-роса 1000 сўмни ташкил этган эди. Валюта қийматини белгилаш чоғида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий валюталарни ўзи белгилаган қийматда сотиш ва сотиб олиш мажбуриятини олмаган. Ўзбекистон Президентининг 30 январда имзолаган жисмоний шахсларга валюта сотиш тартибини янада либераллаштириш тўғрисидаги Қарорига кўра, Ўзбекистоннинг ваколатли банклари айнан Марказий банк белгилаган курс бўйича нақдсиз хорижий валютани сотишлари керак. Қўшимча сифатида, Ўзбекистон Президенти Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил якунлари ва 2013 йил режаларига бағишланган мажлисида ўтган йил «инфляция даражасининг ўсиш суръати прогноз кўрсаткичлари доирасида сақлаб қолиниб, 7 фоиздан ошмагани»ни, 2013 йилда ҳам ушбу кўрсаткич 7-9 фоизни ташкил этиши кутилаётганини маълум қилганди. Маълумот ўрнида, 2013 йилнинг 30 июлидан бошлаб 1 Россия рубли 63 сўм 79 тийинга (-1,25 фоизга арзонлашган), 1 евро 2 минг 799 сўм 25 тийинга (0,56 фоизга қимматлашган) баҳоланган.
|