Қарши
муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бир гуруҳ олимлари маҳаллий ўғитдан биогаз
олиш қурилмасини яратишга муваффақ бўлишди. Ушбу технология қуёш энергияси
ёрдамида ишлайди.
Қурилма асосан чўл шароитида чўпонлар ҳамда фермер
хўжаликларининг дала шийпонларини энергия билан таъминлашга мўлжалланган.
Маълумки, биомасса – ҳайвонот ва ўсимлик дунёси чиқиндилари аралашмасини
термик, кимёвий ҳамда биологик усулларда қайта ишлаб, ёқилғи олиш мумкин.
Бунинг учун биомасса ҳавосиз муҳитда 40-50 даража иссиқликда бижғитилиб, ундан
таркибида 60-70 фоизгача метан гази мавжуд бўлган биологик маҳсулот олинади.
"Биомасса қайта тикланадиган муқобил энергия манбаларидан бири, — дейди
институтнинг илмий ишлар бўйича проректори, техника фанлари номзоди Ғулом
Узоқов. - Вилоятда унинг захираси катта. Мазкур чиқинди аралашмасидан
фойдаланиш экологик, энергетик ва иқтисодий жиҳатдан юқори самара беради”.
Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 1 тонна органик қуруқ масса — чиқиндидан ҳавосиз ишлов
бериш йўли билан 360 куб метр биогаз ёки 300 килограмм шартли
ёқилғи олиш мумкин, дея ёзади "Халқ сўзи” нашри.
|