Еттинчи Art Week Style.Uz-2012 санъат ҳафталиги 9 октябрь куни ўз ишини
бошлайди. 6 кун мобайнида ушбу ёрқин санъат лойиҳаси турфа хил
тадбирларга тўла дастури билан юртимизни қуршайди.
VI Тошкент халқаро фотобиенналеси-2012 энг ёрқин тадбирлардан бирига
айланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, III "Theatre.Uz” халқаро театр
фестивали, II "Олтин гепард” Тошкент халқаро кинофоруми, кўргазмалар, ёш
дизайнерлардан модалар намойишлари, хайрия концертлари, ижтимоий
акциялар, маҳорат дарслари, анжуманлар ва бошқа кўплаб ранг-баранг
тадбирлар дастур доирасидан ўрин эгаллаган.
Ҳар йили Art Week Style.Uz санъат ҳафталиги доирасида дунёнинг турли
мамлакатларидан санъат усталарини бир ерда жамловчи йирик халқаро
кўргазма лойиҳаси тақдим этилади. Ўтган йили Тошкент замонавий санъат
халқаро биенналеси ўтказилган, унинг доирасида ўзбекистонлик 100 дан
ортиқ, 25 та хорижий давлатдан 50 нафар мусаввир 1500 дан ортиқ асарни
санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этган эди. 2012 йилда навбат
фотобиенналега етди.
VI Тошкент халқаро фотобиенналеси -2012
Ташкилотчилар: Фонд Форум ва Ўзбекистон Бадиий академияси.
Ўтказилиш жойи ва вақти: Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, 2012 йил 4-9
октябрь. Тошкентда: Бадиий академия Марказий кўргазмалар зали, Тошкент
Фото уйи, Ёшлар ижод саройи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, И.
Хираяма номидаги халқаро карвонсарой. Самарқандда: "Чорсу” галереяси.
Фонд Форум ва Ўзбекистон Бадиий академияси турли жанр ва услубларда
ижод қилувчи фоторассомларни ҳамда фотография жамиятлари, ташкилотларни
VI Тошкент халқаро фотобиенналесида иштирок этишга таклиф этади.
Асарлари танлаб олинган муаллифлар иштирокчи сертификатларини қўлга
киритишади. Фотобиеннале ғолиблари учун мукофотлар ажратилган. Маҳаллий
ва хорижий фотосанъат экспертлари ҳакамлар ҳайъати таркибидан ўрин
олган.
Фотобиеннале мавзуси – "Мен дунё ичраман: дунё мен ичра” – муаллифларга
дунёда индивидиумнинг ўрни, дунё билан ўзаро муносабатлар (табиат,
жамият, оила)ни акс эттириш имконини беради. У иштирокчиларга ўзининг
ички дунёсини, қаҳрамонларини кашф этиш, атроф-муҳит, жамиятнинг инсон
шахсияти, ҳиссиётлари ва ўй-фикрларига таъсирини англаш учун шароит
яратади.
Номинациялар: "Оилага бағишланган энг яхши фотография”, "Энг яхши
кураторлик лойиҳаси”, "Энг яхши бадиий фотография”, "Энг яхши
экспериментал фотография”, "Ёш фоторассомнинг энг яхши асари” (35
ёшгача).
Фотографиялар икки форматда қабул қилинади: a. Қоғозга босиб чиқариш
(оқ-қора ва рангли), хажми: 30х40 ёки 30х45см; b. Рақамли форматда – CD,
DVD-дискларга ёзиб олинган ёки интернетдан юборилган файллар (300 dpi,
хажми: узун томони 4500 пиксель).
Фотобиенналеда иштирок этиш учун қуйидаги асарлар қабул қилинади:
биеннале мавзусини акс эттирувчи визуал ёки маъносига кўра бир тизимга
туширилган якка фотографиялар ва фотосериялар (бир серияда 10 та асар).
Бир мавзу бўйича битта муаллиф томонидан 5 тагача асар тақдим этилиши
мумкин. Фотографиялар серияси бир асар сифатида қабул қилинади.
Кураторлик лойиҳалари ҳам қабул қилинади: 3 тадан кам бўлмаган лойиҳа,
уларнинг ҳар бири турли муаллифларнинг 10 та асарини қамраб олиши
мумкин.
Иштирокчиларнинг асарлари ва аризалари 2012 йилнинг 1 сентябрига қадар қуйидаги манзилга юборилиши мумкин:
"Art and Fact” галереяси
Содиқ Азимов кўчаси, 3-берк кўча, 20-уй, , 100047, Тошкент, Ўзбекистон
Тел./Факс: (99871) 232-03-60
|