АҚШ Давлат Департаменти 2013 йил
«Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар - DV» (Грин Кард)
Лотереясига рўйхатга олиш даври 2011 йил, 4 октябрдан 2011 йил, 5
ноябргача жамоат учун очиқ бўлишини эълон қилди.
Ҳар йили, АҚШ ҳукумати АҚШга
иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон
фуқаролари учун «Турли Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар – DV»
дастури орқали 50000 нафар доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар
ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари
асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция
кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади.
Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган
тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда
танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги
босқичларини ўтиш имкониятини беради.
Мурожаатчилар DV Лотереясига 2011
йил, 4-октябрь, сешанба куни,Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошлаб
рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш даври 2011 йил, 5-ноябрь, шанба
куни, Тошкент вақти билан 21:00да тугайди. Барча аризалар электрон
равишда рўйхатга олиш даврида http://www.dvlottery.state.gov
саҳифасида топширилиши шарт ва DV Лотереясига ариза бериш учун ҳеч
қандай ҳақ олинмайди. Мурожаат этувчиларга аризаларини топшириш учун
рўйхатга олиш даврининг сўнгги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади.
Дунё бўйича талабнинг ўта юқорилиги Интернет саҳифаси ишининг
секинлашувига олиб келиши мумкин. 2011 йил, 5-ноябрь, соат 21:00 дан
кейин бирорта ҳам ариза қабул қилинмайди.
2012 йил, 1-майдан бошлаб,
қатнашчилар ўзларининг аризалари рўйхатга олинганини тасдиқловчи
варақларидан фойдаланиб, Давлат Департаментининг Интернет саҳифасида
улар иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларига
ўтиш учун танланган ёки танланмаганликлари ҳақида маълумотларни билиб
олишлари мумкин. Мурожаатчиларга ўз тасдиқлов варақларини принтерда чоп
этиб олишни ва 2013 йил, 30-июнга қадар, улар лотереяда ғолиб бўлган ёки
бўлмаганликларидан қатъий назар, сақлаб қўйишларини эслатиб ўтилади.
DV Лотереясининг талабларига жавоб
бериш учун мурожаат этувчи қатнашиши мумкин бўлган давлатлардан бири,
шу жумладан, Ўзбекистондан бўлиши ва ўрта мактаб даражасига тенг таълим
олган бўлиши керак. Ариза топшириш ва талабларга жавоб беришга оид
қўшимча маълумот АҚШ Давлат Департаментининг http://www.travel.state.gov/visa/immigrants/types/types_1318.html
саҳифасида эълон қилинган «2013 йил DV Лотереяси Йўриқномаси»дан
олиниши мумкин.
Гарчи кўплаб компаниялар «Турли
Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар» лотереясига ариза топшириш
бўйича ўз хизматларини таклиф этсалар ҳам, уларнинг хизматларидан
фойдаланиш шахснинг лотереяда ғолиб бўлиш эҳтимоллигини ҳеч қайси йўл
билан оширмаслигини маълум қиламиз. Баъзи ҳолларда эса, айрим фирмалар
ғолиблардан катта миқдорда пул талаб қилишади ёки товламачилик билан
шуғулланишади. Шуни ҳам унутмангки, DV Лотереясида ғолиб бўлган шахс
АҚШ Элчихонаси ёки Консуллик Бўлимига ўз виза суҳбати учун келгунига
қадар, АҚШ Давлат Департаменти мазкур дастур бўйича ҳеч қандай тўловлар
олмайди. Дастур қатнашчиларига виза суҳбатига келишдан аввал «Турли
Миллат Вакиллари учун Иммиграцион Визалар» дастури бўйича тўловлар
амалга оширишни сўраб йўлланган ҳар қандай хат ёки эълонлар фирибгарлар
иши бўлиб, бундай хат-хабарларга ишонмаслик керак.
|