«Ўзбектелеком» шўъбаси – UZONLINE интернет-провайдерининг хабар беришича, Қозоғистон ҳудудида режадан ташқари ишлар олиб борилиши муносабати билан 18 июль куни соат 01:00дан 02:30гача интернет хизмати сифати ёмонлашиши мумкин.
Бундан ташқари, 18 июль куни 02:00дан 04:00гача тармоқда техник ишлар амалга оширилади. «Шу сабабли кўрсатилаётган хизматлар сифати ёмонлашиши ва узилишлари кузатилиши мумкин», –дейилади UZONLINE хабарида.
18 июль куни тунда интернет хизмати сифати ёмонлашуви ҳақидаSharq Telekom ва Sarkor Telecom провайдерлари ҳам ўз абонентларини огоҳлантирган. Ҳар иккала провайдер ҳам Қозоғистондаги режадан ташқари ишлар сабаб 01:00-02:30 оралиғида хизмати сифати ёмонлашуви ҳақида хабар берган. «Ўзбектелеком» АК етказилган ноқулайликлар учун узр сўрайди», – дейилади Sarkor Telecom хабарида.
Шунингдек, 19 июль куни интернет хизмати ёмонлашуви кутилмоқда. Бунга, UZONLINE, шунингдек, Sharq Telekom ва Sarkor Telecom хабарларига кўра, Тошкет вақти билан 03:00-08:40 оралиғида Россия ҳудудида авария ишлари ўтказилиши сабаб бўлади.
Россия ва Қозоғистон ҳудудидаги режадан ташқари ишлар ва авария ишлари мобил алоқа операторлари – «Билайн-Ўзбекистон» ва Ucell’нинг мобил интернет хизматларига қай даражада таъсир қилиши ҳақида маълумот йўқ. Бироқ, қайд этиш жоиз, «Ўзбекистон ҳудудини ўз тармоқлари билан қамраб олган йирик телекоммуникация оператори» – «Ўзбектелеком» интернет каналларини барча интернет-провайдерларга ижарага беради. Компания охирги марта июнь ойида ташқи канал учун нархларни арзонлаштирган эди.