Жаҳондаги энг нуфузли мода ҳафталикларидан
бири — New York Mercedes-Benz Fashion Week доирасида GULI Collections
Баҳор-Ёз-2012 либослар тўплами намойиши бўлиб ўтди. Катта шов-шувларга сабаб
бўлган ушбу тадбир ҳафталик дастурида кўрсатилганидек, 2011 йил 15 СЕНТЯБРЬ
куни ўтказилди. Бундан бир қанча муддат илгари GULI Collections ҳамда New York
Mercedes-Benz Fashion Week ташкилотчиси IMG WORLDWIDE, INC. компанияси ўртасида
ўзаро келишув эълон қилинган эди. Унга кўра, намойиш машҳур Cipriani
ресторанига кўчирилди. Ушбу ресторанда авваллари Марк Жейкобс сингари таниқли
дизайнерлар ўз тўпламларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган.
GULI тўплами 2011 йилги баҳор-ёз мавсумида урф бўлиши кутилаётган либосларга ўз
ёндошувни билдириш билан бирга ўзбек ёшларининг ижодий салоҳиятини намойиш
этди. Унда мамлакатимизда дизайн ва мода ривожланиши ҳамда анъанавий миллий
маданиятни қўллаб-қувватлаш анъаналари яққол акс этган. Маълумки, GULI бренди
муаллифи ва асосчиси, Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг
лойиҳаларидан бири тикувчиликнинг қадимий турлари, матоларни табиий бўяш,
анъанавий каштачилик технологияларини қайта тиклашга қаратилган бўлиб, ушбу
мақсадда сулолавий ҳунармандларга грантлар ажратилади.
Анъаналар ва замонавийлик, шарқона ўзига хосликлар ва замонавий йўналишлар
уйғунлашуви GULI Collections маҳсулотларининг асосий ғоясидир. 2012 йил
баҳор-ёз мавсумий тўпламини яратишда Бухоро воҳасининг майин, нозик бўёқларидан
илҳом олинган бўлиб, улардаги ёрқин ва бетакрор ранглар либосларда ўзгача маъно
касб этади. Тўплам 23 та аёллар ва 7 та эркаклар либосларидан иборат.
GULI тўплами асрлар шиддатига дош берган ва ҳақли равишда долзарблик касб
этувчи анъаналарга эътибор қаратади. Ипакка туширилган нозик нақшлар, анъанавий
матога гул босиш услуби, айниқса, Шарқ хашамати деганда кишининг кўз ўнгида
гавдаланувчи Бухоро зардўзлиги — булар тўпламдаги либосларнинг ёрқин ва
умумлаштирувчи жиҳатлардир. Шарқона ва европаликларга хос бўлган услубларнинг
моҳирона бирлаштирилиши тўпламга ўзгача зеб берган. Замонавий матолар, француз
тўрлари, тафта ва чарм ўзбек матоларига дид билан бирлаштирилган. Тўпламда
қадимий технологиялар асосида яратилган ноёб ипак матолар – атлас, шойи,
эксельсиордан фойдаланилган бўлиб, улар узун, тўпиққача бўлган мулойим
бўёқлардаги либосларга унутилмас кўриниш бағишлаган.
GULI тақдим этган заргарлик безаклари тўпламга нафосат ва яхлитлик бахш этган,
безаклар образларни янада тўлдирган. GULI заргарлик тўпламида жаҳоннинг турли
ҳудудларидан олиб келинган ноёб қимматбаҳо ва оддий тошлардан фойдаланилган.
Ўзгача шакллар, ранглар либосларга бетакрор табиийлик, ўзгача назокат бахш
этган.
Намойиш меҳмонлари орасида голливуд актери Кари Тагава, «Marie Claire» нашри
бош муҳаррири Абигейл Пест, бош балериналар Анна Сергеева ва Ирина Своровенко
ҳамда Лоик Гузер («Christies» аукцион уйи), Каролин Рафаэлян ҳамда Жованни
Фероче («Alex & Ani» заргарлик компанияси), Энни Тота (Сюзан Комен номидаги
жамғарма), Марк Фурлонг (Forbes), Роберт Вакка, Тед Харберт (NBC Universal
компанияси) сингариларни тилга олиб ўтиш мумкин. Намойиш этилган тўпламдан
катта завқ олган меҳмонлар саҳнага чиққан дизайнер, ёш ҳунармандлар –
тикувчилар, ипак матога нақш тушириш усталари, лазерда чарм кесиш бўйича
мутахассислардан иборат GULI Collections ижодий гуруҳини узоқ олқишлаб туришди.
Тўпламни тайёрлашда иштирок этган GULI Collections жамоаси ва унинг муаллифи
Гулнора Каримова IMG WORLDWIDE, INC. компанияси, намойиш меҳмонлари, фаоллар,
Ўзбекистон, АҚШлик ёшлар ҳамда бефарқ бўлмаган барча инсонлар (Диана Фон
Фёрстенберг, Доминикко ва Жулия Вакка, Якоб Арабо, Андрей Малахов, Владимир
Соловьев, Марта Морзотто ва бошқалар)га дефиле олдидан бошдан кечирилган қийин
ва мураккаб пайтларда ижодий жамоани қўллаб-қувватлагани учун чуқур
миннатдорлик изҳор этади.
|