Ўзбекистон янги электрон почта хизмати орқали мамлакатдаги интернет фойдаланувчилар устидан назоратни кучайтирмоқчи эмас. Бу ҳақда UZINFOCOM маркази масъули Евгений Скляревский «Би-Би-Си Ўзбек хизмати»га берган интервьюсидамаълум қилди.
Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси ҳисобланган Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази – UZINFOCOM май ойида миллий .UZ доменидаги янги электрон почта хизмати – uMail.Uz’ни ишга туширган эди. Ушбу почта тизимидан фойдаланиш учун фойдаланувчи дастлаб ID.Uz тизимида рўйхатдан ўтиши керак.
Май ойи маълумотларига кўра, янги бепул электрон почта хизматидан 2,2 мингдан ортиқ фойдаланишни бошлаган. 6 июнь куни эса почта хизматининг ўзбек тилидаги версияси ҳам ишга туширилди. UZINFOCOM маркази масъули Евгений Скляревскийнинг сўзларига кўра, почта хизматининг ўзбек тилида ҳам фаолият юритиши – сервиснинг энг муҳим янгилиги ҳисобланади. «Энди биз ташқи Интернет каналини тўлдирмаймиз ва хатлар бир-биримизга тез етиб боради. Кимки Ўзбекистоннинг ичкарисидаги интернет макони – Ўзнетдан фойдаланса, унинг ҳисобига интернетдан фойдаланиш траффиги учун ҳақ ёзилмайди», – деди Скляревский.
UZINFOCOM маркази масъули янги электрон почта хизматининг жорий этилиши Ўзбекистон ичкарисидаги интернет фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтириш амалларидан бири сифатида талқин килинаётганини рад этган.
«Биласизми, ҳар бир давлатнинг ўзи хавфсизлик сиёсати бор ва тақиқланган интернет саҳифаларга кириш йули тўсилганини сиз Россияда ҳам кўришингиз мумкин. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларда хам қандайдир чеклов мавжудлигини кўрасиз, бу мамлакатда қабул қилинган қонун бажарилиши талаб килинади. «Янги хизмат билан Ўзбекистон интернет фойдаланувчиларини назоратга олмоқчи бўлаяпти», деган гаплар асоссиз, тўқиб чиқарилган гаплар. Агар махсус хизматлар қайсидир электрон почтани ўқишни хоҳлашса, бу почта қаерда жойлашганидан қатъи назар, унга кириб, ичида ёзилган нарсани ўқишга қодирлар», – дея қўшимча қилди UZINFOCOM масъули Евгений Скляревский.
Маълумо ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш марказимаълумотларига кўра, Конституциясига мувофиқ (25-модда), ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. Мазкур ҳаракатлар фақат қонунда белгиланган тартибга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Конституция қоидалари шунга йўналтирилганки, вақт ўтиши билан, зарур шарт-шароит яратилганидан кейин, шахс эркинлигини фақат суд қарорига биноан чеклаш мумкин бўлади.
Manba . KUN.UZ